ФОТОРЕПОРТАЖ
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги қўмондонлик ва Термиз ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида жиноятчилик ва коррупция хавфини камайтиришга қаратилган профилактик-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси, шаҳар ва туман мудофаа ишлар бўлинмаларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, шунингдек, Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг ҳуқуқий-меъёрий асослари, хусусан, қабул қилинган қонун ҳужжатлари, давлат раҳбарининг фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти чуқур таҳлил қилинди. Соҳа мутахассислари томонидан коррупцион ҳолатларнинг ҳарбий жамоаларда юзага келиши қандай ижтимоий-иқтисодий ва маънавий оқибатларга олиб келиши, уларнинг хизмат интизомига, жамоавий бирдамликка ҳамда миллий хавфсизлик тамойилларига салбий таъсири ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Шунингдек, давра суҳбати давомида ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни жиноятчилик ва коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб боришга даъват этиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
[gallery-26065]
Учрашувда ҳарбий хизматда қонунийликни таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва ҳар қандай ноқонуний ҳаракатларга нисбатан қатъий чора кўриш зарурлиги таъкидланди. Иштирокчилар томонидан илгари сурилган таклиф ва фикрлар эса тадбирнинг интерактив руҳда, самимий ва очиқ мулоқот шаклида ўтишига замин яратди.
Якунда барча иштирокчиларга коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Хусусан, хизмат жараёнида шаффофликни таъминлаш, хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариш, ҳарбий этикани юқори даражада сақлаш бўйича қатъий тавсиялар илгари сурилди. Шу билан бирга, ҳарбий қисмларда мунтазам равишда ҳуқуқий-маърифий ишларни ташкил этиш, хизмат интизомини кучайтиришга қаратилган янги методик ёндашувлар жорий этиш лозимлиги таъкидланди.
Қайд этиш жоиз, тадбир Қуролли Кучлар сафига кирувчи ҳар бир хизматчининг қонунийлик, ҳалоллик ва фидойилик тамойиллари асосида хизмат олиб боришига замин яратади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА