Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий хизматчилар учун замонавий уй-жойлар
15:26 / 2026-01-13

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Наманган вилоятида хизмат вазифасини адо этаётган юртимиз қалқонларига ажойиб туҳфа ҳозирланди.

Давлатобод туманининг Тадбиркор маҳалласи ҳудудида барпо этилган янги ҳарбий шаҳарчанинг кўп қаватли турар-жой биноси тантанали тарзда фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган байрам тадбирида давлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, нуронийлар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов йиғилганларни қўшалоқ байрам билан муборакбод этиб, самимий тилакларини билдирди. Ватанимиз хавфсизлиги, халқимиз осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашда жонкуярлик ва жасорат ила хизмат қилаётган ҳарбийлар учун мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан барча зарур қулайлик ва имкониятлар ҳозирланаётганлигини таъкидлади. 

Дарҳақиқат, 96 хонадондан иборат замонавий турар-жойлар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қаратиб келинаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Мазкур 16 қаватли бино 64 та икки хонали ва 32 та уч хонали шинам хонадонларни ўз ичига олган бўлиб, барча хонадонлар алоҳида иссиқлик қозонлари билан таъминланган. Бино иккита лифт, автотураргоҳ ва болалар ўйин майдончаси каби замонавий инфратузилма объектларига эга. 

[gallery-27087]

Умуман олганда, бу ҳудудда тўртта 16 қаватли, жами 384 хонадондан иборат турар-жой бинолари қурилиши режалаштирилган бўлиб, байрам арафасида шулардан дастлабкиси фойдаланишга топширилди. Лойиҳанинг умумий смета қиймати 31 миллиард 879 миллион сўмни ташкил этади. 

Келгусида “Янги Наманган шаҳарчаси”да ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун мактаб, болалар боғчаси, поликлиника ҳамда оила аъзоларини иш билан таъминлашга қаратилган қатор инфратузилма объектлари барпо этилади. 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.