Ҳарбий хавфсизлик ва Мудофаа университетининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ факультетида бир ойлик ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган ҳарбий хизматчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда округ қўмондонлиги ва университет профессор-ўқитувчилари, тажрибали мутахассислар ҳамда курс тингловчилари иштирок этишди.
Мазкур ўқув курси давомида гуруҳ командири лавозимида фаолият юритаётган ҳарбий хизматчилар ўзларининг касбий билим ва малакаларини янада мустаҳкамлаш, замонавий ҳарбий тайёргарлик талабларига мос кўникмаларни эгаллаш имконига эга бўлдилар. Машғулотлар назарий ва амалий йўналишларни уйғунлаштирган ҳолда ташкил этилиб, тингловчиларнинг жанговар салоҳиятини оширишга қаратилди.
Ўқув жараёнида ҳарбий хизматчилар жанговар тайёргарлик, маънавий-маърифий машғулотлар, гуруҳни бошқаришнинг замонавий усуллари бўйича чуқур билимларга эга бўлишди. Хусусан, малакали профессор-ўқитувчилар раҳбарлигида тезкор-тактик машғулотлар, ўқ отиш тайёргарлиги, жисмоний ва жанговар тайёргарлик дарслари юқори савияда олиб борилди. Бу эса тингловчиларнинг нафақат назарий билимларини, балки амалий ҳарбий маҳоратини ҳам сезиларли даражада оширди.
Шунингдек, курс давомида замонавий ҳарбий технологияларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш, уларни жанговар ва разведка мақсадларида самарали қўллаш бўйича махсус машғулотлар ташкил этилди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан масъуллар курсни муваффақиятли якунлаган ҳарбий хизматчиларни табриклаб, уларнинг келгуси хизмат фаолиятида эгаллаган билим ва кўникмалари муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. Шунингдек, ўқув жараёнида фаоллик кўрсатган, юқори натижаларга эришган тингловчиларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур ўқув курси ҳарбий хизматчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий таҳдидларга муносиб жавоб бера оладиган етук командирларни тайёрлаш йўлида янги тизимли босқич бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири