Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий хизмат: саралаш жараёнлари юксак савияда ўтмоқда
15:21 / 2026-02-28

Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшларни саралаш жараёнлари уюшқоқлик ва юқори савияда ташкил этилмоқда.

Мазкур тадбирларда округ қўмондонлиги ҳамда республикадаги куч тузилмаларининг раҳбар ходимлари бевосита иштирок этиб, жараёнларнинг шаффоф, адолатли ва белгиланган тартиб асосида олиб борилишини таъминламоқда. Ҳарбий хизматга саралаш тадбирлари мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, Ватан ҳимоясига ҳар томонлама тайёр бўлган ёшларни танлаб олишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, бугунги мураккаб ва тез ўзгарувчан замонда ҳар бир давлатнинг хавфсизлиги, аввало, унинг Қуролли Кучлари салоҳиятига боғлиқдир. 

Саралаш жараёнларининг дастлабки босқичи сифатида чақирилувчилар малакали тиббиёт ходимлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Ушбу жараёнда ёшларнинг умумий соғлиғи, жисмоний ривожланиш даражаси, турли касалликларга мойиллиги ҳамда ҳарбий хизматни ўташга яроқлилик даражаси ҳар томонлама эътиборга олинмоқда.

Тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган ёшлар билан чақирув комиссияси аъзолари томонидан суҳбатлар ташкил этилиб, уларнинг маънавий-ахлоқий фазилати, дунёқараши, Ватанга садоқати, касбий қизиқиши ҳамда келгусидаги мақсад ва режалари ўрганилмоқда.

Бу босқич ёшларни ҳарбий қисмларга тўғри ва мақсадли тақсимлашда муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳар бир йигитнинг қобилияти, қизиқиши ва салоҳиятидан келиб чиқиб хизмат жойини белгилаш – Қуролли Кучлар сафида самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, муддатли ҳарбий хизмат йигитлар учун нафақат конституциявий бурч, балки ҳақиқий ҳаёт мактабидир. Ҳарбий хизмат давомида улар қатъият, интизом, масъулият, жамоада ишлаш кўникмаларини эгаллайди. Энг муҳими, ёшларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси янада мустаҳкамланади.

Ҳарбий қисм шароитида шаклланган мустаҳкам ирода, жисмоний чиниқиш ва руҳий бардошлилик ёшларнинг кейинги ҳаёт йўлида ҳам муҳим пойдевор вазифасини ўтайди. Кўплаб йигитлар ҳарбий хизматни ўтаб, ўз ҳаётига аниқ мақсад билан қайтмоқда, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга интилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА