Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида – анъанавий тадбирлар орасида инсон руҳига, қалб тетиклигига бағишланган яна бир долзарб учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида ташкил этилган бўлиб, учрашувнинг мавзуси – “Ҳарбий жамоа ва оиладаги салбий маънавий-руҳий муҳитнинг руҳий зўриқишга таъсири” эди.

Тадбирда бошқарманинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Аваз Ибрагимов, шахсий хавфсизлик бўлими бош инспектори подполковник Марат Атабеков ҳамда “н” ҳарбий қисм командирининг тарбиявий-мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари катта лейтенант Баҳодир Қурбонназаров ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.

Учрашув жўшқин маънавий руҳда ўтди. Фақат ҳуқуқий тушунчалар эмас, балки инсон қалби, руҳий ҳолат, ички изтироб ва касбий бурчнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди. Чунки ҳуқуқбузарликлар – фақат қонунсизлик эмас, кўпинча инсон руҳидаги мувозанатнинг бузилиши натижасида юзага келади.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар ва бошқарма ходимларига салбий маънавий муҳитнинг инсон психологиясига таъсири, руҳий зўриқишнинг фуқаролик бурчига ва хизмат самарадорлигига салбий таъсири ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Махсус мисоллар, ҳаётий ҳолатлар асосида қилинган таҳлиллар орқали ҳар бир иштирокчи ўзига хос хулоса чиқарди.
– Ҳарбий хизмат – фақат жисмоний тайёргарлик эмас, аввало, руҳий барқарорликдир. Аскарнинг юрагида тинчлик бўлса, унинг қўлидаги қурол ҳам халқ манфаатига хизмат қилади, – дейди катта лейтенант Баҳодир Қурбонназаров. – Баъзан бир сўз, бир муносабат инсоннинг ички қувватини қайта тиклайди. Бундай тадбирлар айнан шу имкониятни бериши шубҳасиздир.
Мақсад – аниқ: ҳарбий жамоаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, инсон қалбини тинч ва мустаҳкам қилиб, ҳуқуқбузарликка олиб борувчи ҳар қандай омилнинг илдизига етиш. Руҳий зўриқишларни бартараф этиш орқали хизмат интизоми, жамоавий бирлик ва шахсий масъулиятни янада мустаҳкамлаш.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА