Сирдарё вилоятининг чекка ҳудудларидаги ёшлар билан самарали ишлаш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида Мирзаобод туманидаги 32-сонли умумтаълим мактабида кенг кўламли “Ватанпарварлик карвони” тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Гулистон ҳарбий прокуратураси, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Божхона бошқармаси, Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги ҳарбий оркестр жамоаси, фахрий қоровул ва ҳарбий қисм хизматчилари ҳамда Миллий гвардия Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди. Бу кўп томонлама ҳамкорлик тадбирнинг мазмун ва таъсирини янада оширди.

Тадбир давомида мактаб ўқувчи-ёшларига ҳарбий хизматнинг шарафли ва масъулиятли жиҳатлари, Ватан ҳимоясининг муқаддас бурч экани ҳақида кенг тушунчалар берилди. Шунингдек, кўргазмали чиқишлар, ҳарбий оркестр ижролари ва мутахассислар иштирокида очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Ёшлар ҳарбий техника ва воситалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди, бу эса уларда хизматга ва Ватанга бўлган қизиқишни янада оширди.

Тадбир доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида “Янги Ўзбекистоннинг Ватанпарвар ёшлари” шиори остида кўрик-танлов ҳам ўтказилди. Кўрик-танловда икки жамоа — “Камолот” ва “Келажак” номлари остида иштирок этди. Ёшлар беш шарт бўйича беллашиб, ҳар босқичда ўз маҳорати ҳамда ижодий салоҳиятларини намойиш этишди.

Ҳар бир иштирокчи ўз ижодий қобилияти ва фидойилик руҳи билан тадбирни янада ёрқин ва ёдда қоларли бўлишига ҳаракат қилди.

Кўрик-танлов якунида ғолиблар, фаол иштирок этган жамоалар ва ўқувчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Ҳакамлар ҳайъати эса уларнинг ижодкорлиги ва жамоавий ҳамжиҳатлигини алоҳида эътироф этди.
Ғулом Примов, ЎзА