Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий ватанпарварлик мусобақаси юқори савияда ўтади
16:00 / 2024-02-13

Мамлакатимизда амалга оширилаётган Ёшларга оид давлат сиёсати доирасида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига бириктирилган 399 та чегараолди умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ҳудудлардаги ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Республикамиз бўйлаб 10 минг нафардан ортиқ ўқувчиларни қамраб олган 408 та “Ёш чегарачилар” клублари аъзолари иштирокида ўтказилаётган “Армия – ватанпарварлик ва жасорат мактаби”, “Миллий армиямиз ёшлар нигоҳида”, “Халқ ва армия, бир тану бир жон!” шиори остидаги тадбирлар эртамиз эгаларини Она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан улғайишлари ва ҳарбийликка бўлган қизиқишларини янада оширишда муҳим ўрин тутмоқда. 

Бугунги кунда мазкур клублар аъзоларининг 160 нафардан зиёди ДХХ Чегара қўшинлари сафида, яна 40 нафарга яқини бошқа куч тузилмаларида фаолият олиб бораётгани ҳам мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигининг амалдаги ифодаси десак, муболаға бўлмайди. 

Келажагимиз бунёдкорларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштиришда 2023 йилнинг июнь ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика чегараолди шаҳар 
ва туманларидаги умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилган “Ёш чегарачилар” клублари фаолиятини тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, сентябрь ойида ДХХ Чегара қўшинлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг “Ёш чегарачилар” клублари ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ташкил этиш, мусобақа шартлари ва баҳолаш мезонларини белгилаш тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.

Айни дамда ушбу қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида тарбиячи офицерлар томонидан Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Деҳқонобод ва Шаҳрисабз туманларига хизмат сафарлари амалга оширилиб, ҳарбий қисмлардаги масъуллар томонидан бириктирилган мактабларда “Ёш чегарачилар” клублари фаолиятини қай йўсинда ташкил этилаётгани, ўқувчилар билан ўтказилаётган тадбирларнинг сифати 
ва самарадорлик даражаси ўрганилди. 

Ўрганиш натижалари ва таҳлиллар асосида келгусида ушбу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш борасида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар юзасидан йўриқнома машғулотлар ўтказилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. 

Шунингдек, хизмат сафари давомида чегараолди ҳудудларидаги 6 та умумтаълим мактабларининг 100 нафардан ортиқ ўқувчи ёшлари иштирокида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” мавзусидаги давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Самимий мулоқот чоғида эртамиз эгаларининг онгу шуурини юксак ватанпарварлик, бурч ва садоқат туйғулари ила тўлдириш, уларни касбга йўналтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

– Биз мактабларда ташкил этилган “Ёш чегарачилар” клублари фаолиятини айнан жойларга чиққан ҳолда, ўз кўзимиз билан кўриб, мавжуд муаммо ва камчиликларини ўрганишни, ташкилий масалаларда уларга услубий ва амалий жиҳатдан ёрдам кўрсатишни мақсад қилганмиз. Бу орқали клубларнинг ягона тизимда фаолият олиб боришига, шунингдек “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини якдиллик билан, сифатли ташкил этилишига эришамиз, – дейди подполковник Азизбек Маъмуров. 

Юқоридаги каби тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳам ташкил этилди. Хива туманидаги 7-умумтаълим мактаби ва Амударё тумани “Қиличбой” овулида жойлашган маданият саройида бўлиб ўтган суҳбат ҳарбийлар, маҳалла фаоллари ҳамда ёшларни “Маънавият ҳаётимизда янги куч, янги ҳаракатга айланиши керак” деган шиор остида бирлаштирди. Унда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг жорий йилги мавсумини ташкил этиш ва мазкур жараёнда аҳамият қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар хусусида тўхталиш баробарида, Термиз шаҳрида ташкил этилган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейига ўқишга кириш тартиби, лицей фаолияти, унда яратилган шароит ва қулайликлар ҳамда битирувчиларга бериладиган имтиёзлар хусусида маълумот берилди. Мавзуга оид видеоролик намойиш этилди. 

Республикамиз бўйлаб чегараолди ҳудудларидаги ёшларнинг маънавиятини юксалтиришга қаратилган шу каби тадбирлар тизимли ўтказилмоқда. 

Н.Бозорова, ЎзА