Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи маъсул офицерлари Сурхондарё вилоятидаги маҳаллалар ёшлари ҳамда мактаб ўқувчилари учун Мудофаа вазирлиги қошидаги олий ҳарбий билим юртлари ва “Темурбеклар” ҳарбий-академик лицейини тарғиб қилишга бағишланган учрашувлар ташкил этмоқда.
“Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида ўтказилаётган ана шундай тадбирлардан бири Ангор туманининг Гулзор маҳалласидаги 5-мактабда бўлиб ўтди.
Маҳаллада яшайдиган вақтинча ишсиз уюшмаган ёшлар ва мактаб ўқувчилари иштирок этган учрашувда Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий билим юртлари ва “Темурбеклар” мактаблари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиблари, ҳарбий-профессионал йўналиш, дастлабки саралаб олиш ва тест синовлари, саралаб олиш жараёнида номзодларга бериладиган имтиёзлар, “Темурбеклар” мактаблари битирувчиларининг олий таълим муассасаларига киришдаги имтиёзлари тўғрисида фикр алмашилди. Тарқатма материаллар топширилди. Ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Мазкур тадбир вилоятдаги олис ва чекка ҳудудлардаги маҳалла ва мактабларда ҳам ўтказилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири