Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва ўқув жараёнини ташкиллаштириш учун ишлаб чиқилган таълимий стандартлар давр талабига қараб доимо янгиланиб борилади, соҳада ислоҳотлар ўтказиб турилади.
Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида ташкил этилган “Ҳарбий таълим муассасаларида таълим беришнинг долзарб масалалари: муаммолар, таклифлар ва ечимлар” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси ҳам шу мақсадда ўтказилди.
Конференцияда мамлакатимиздаги қатор олий ва олий ҳарбий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб тадбир меҳмонлари ва бир гуруҳ иқтидорли ўқувчи ёшлар марказ курсантлари томонидан яратилган инновацион лойиҳалар билан танишди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси бошлиғининг инновация ва илмий ишлар бўйича ўринбосари, профессор, полковник Р. Самаров, Марказий ҳарбий округ қўшинлар қўмондонининг ўринбосари полковник П. Сотволдиев, Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти катта ўқитувчиси Ғ. Ўсаров, Жиззах давлат педагогика университети доценти У. Тошназарова, Самарқанд давлат университети доценти, психология фанлари бўйича фалсафа доктори У. Бўтаева ва физика-математика фанлари номзоди, катта илмий ходим А. Маматов ва бошқаларнинг маърузалари тингланди.
Кун тартибига қўйилган асосий масала – ҳарбий таълимдаги муаммолар юзасидан қизғин мунозаралар ўтказилиб, таклифлар эшитилди. Ушбу таклифлар асосида ҳарбий таълим соҳасида долзарб бўлган муаммолар аниқланиб, уларга муносиб ечимлар топиш конференциянинг асосий мақсади бўлди.
Бугунги кундаги замонавий ҳарбий таълим жанговар ҳаракатлар характерига мувофиқ бўлиб, профессор-ўқитувчилар таркибига қўйиладиган касбий талаблар ҳам шунга мос бўлиши таъкидланди. Шунингдек, ҳарбий таълим тизимида сержантлар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, мазкур йўналишдаги муаммолар долзарб, деб топилди ва асосий баҳс-мунозаралар шу хусусда борди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази бошлиғининг ўринбосарлари полковник А. Мусулманов ҳамда подполковник Ш. Касимовнинг марказни такомиллаштириш бўйича берган таклифлари мунозара марказида бўлиб, барчани қизиқтириб қўйди. Конференция якуни бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Ушбу таклифлар умумлаштирилиб, Мудофаа вазирлигига ўрганиб чиқиш учун тақдим этилиши белгиланди.
Шундан сўнг меҳмонлар ушбу ҳарбий таълим муассасасида ташкил қилинган илмий-тадқиқот марказида бўлишди ва бу ерда илмий изланишлар олиб бориш учун яратилган шароитлар билан танишди.
Бўлиб ўтган конференция ҳарбий таълим тизимидаги ислоҳотлар йўлида муносиб ҳиссадир.
Хайрулло ЎЛМАСОВ,
марказ пресс-атташеси