Бугун мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги кенг нишонланмоқда. Соҳа вакилларининг мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, миллий хавфсизлик, чегараларимиз мустаҳкамлигини таъминлаш йўлидаги ўрни ва иштироки, фидойилиги ва мардонаворлиги алоҳида таҳсинга сазовор.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон Қуролли Кучларини халқаро стандартлар даражасида ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бунда, аввало, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асослар билан таъминлангани алоҳида эътиборга молик. Хусусан, 2018 йилда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси мамлакат мудофаа сиёсатидаги устувор йўналишларни белгилаб, Қуролли Кучларни ривожлантириш, миллий хавфсизликни таъминлаш ва замонавий таҳдидларга қарши самарали жавоб қайтаришнинг концептуал асосларини яратди. Мазкур ҳужжат ҳарбий қурилиш, қўшинлар тайёргарлиги ва мудофаа соҳасида давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришда стратегик дастур вазифасини бажармоқда.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мазкур Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш зарурлигини илгари сурди. Янги Мудофаа доктринаси мамлакатимизни ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолишини, кўп томонлама дипломатияга таянишда давом этишини, юқори технологияларга асосланган стратегия, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорлик йўналишида ривожланишини таъминлаши лозимлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, ушбу муҳим ҳужжатнинг бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштирилиши мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатдаги барқарорлигига, миллий хавфсизлигимизни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, соҳада «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги ҳамда «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонунлар миллий хавфсизлик тизимини институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ушбу қонунлар давлатнинг барқарорлигини таъминлаш, стратегик объектлар ва жамоат хавфсизлигини муҳофаза қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг аниқ ваколатлари ва ўзаро ҳамкорлик механизмларини белгилаб берди.
Давлат чегараларини муҳофаза қилиш ва ҳимоялаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонуни янги таҳрирда қабул қилиниши чегара хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини замон талабларига мослаштирди.
Давлатни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳолини муҳофаза қилишга қаратилган «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Конституциявий қонун, «Қурол тўғрисида»ги ҳамда «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги каби қатор қонунлар эса миллий хавфсизлик тизимини комплекс ва ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал механизмга айлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши эса давлат эҳтиёжлари учун қурол-яроғ ва ҳарбий техникани режали, шаффоф ва самарали харид қилиш тизимини йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.
Умуман, ҳарбий соҳадаги қонунчилик ҳужжатлари Қуролли Кучлар тузилмаларининг вазифа ва ваколатлари ҳамда ўзаро ҳамкорлик механизмларини белгилаб, мамлакатимизнинг барқарорлиги, хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, давлатни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоялаш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳолини муҳофаза қилиш, юрт осойишталигини таъминлашга қаратилган фидокорона саъй-ҳаракатларга асос бўлмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА