Президент топшириғи – амалда
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26-27 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг жанговар шайлигини юксалтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилган эди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида бугун Термиз шаҳридаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида ҳарбий қисмларга махсус техникаларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
[gallery-28012]
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими – ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов тегишли идоралар мутасаддилари иштирокида ҳарбий қисмларга ажратилган махсус техникалар калитларини тантанали равишда топширди. Олий Бош Қўмондон топшириқлари асосида ҳарбий қисмларнинг жанговар шайлигини ошириш ишларини изчил давом эттириш қайд этилди.
Маросим якунида вилоят раҳбари “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида яратилган шароитлар, ўқув жараёни, назарий ва амалий машғулотлар билан яқиндан танишди. Лицей ўқувчилари билан “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Очиқ мулоқотда бўлажак сарҳадларимиз қалқонларининг таклиф ва ташаббуслари, мурожаатлари тингланиб, уларни амалга ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири