Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий қисмларда тавсиянома учун тест синовлари ўтказилди
17:27 / 2022-01-25

Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар олиш бўйича тест синовлари топширди.

- Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, ҳарбий хизматчилар учун тест жараёнларини ташкил этяпмиз, - дейди Давлат тест маркази Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Абдувоҳид Сирлибоев.- Бунда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларини ўзлаштирганлик  даражаси, математика, физика фанлари бўйича билими, шунингдек, мантиқий фикрлаш қобилияти синовдан ўтказилади. Умумий 100 та тест саволларини уч соат давомида ишлаб топширишлари талаб этилади. Тест синовлари қатъий белгиланган тартиб асосида ташкил этилиб, ҳар бир аудиториядаги жараёнлар видеотасвирга олинди.  

Тавсиянома бериш тартибига кўра, тавсиянома олган муддатли ҳарбий хизматчи олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кирмоқчи бўлса, унга тўплаган балининг 50 фоизини миқдорида қўшимча балл берилади. Мамлакатимиз олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган ҳарбий қисм тавсияномасига эга ёшлар учун алоҳида квота белгиланади. 

[gallery-5553]

- Муддатли ҳарбий хизматга келиб ҳарбийликка қизиқиб қолдим, - дейди оддий аскар Алишер Бобохонов.- Шу боис, хизмат давомида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурлари асосида ўтказилган машғулотларда фаол қатнашдим. Шунингдек, яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, тест синовларига пухта тайёргарлик кўрдим. Ўйлайманки, тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, ҳарбий қисм тавсияномасини қўлга киратаман ва албатта, ҳарбий билим юртига ўқишга кираман.  

Таъкидлаш жоизки, тавсиянома тест синовлари натижалари ҳамда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат давомида тўплаган баллари сарҳисоб қилинган ҳолда юқори кўрсаткичга эришган ёшларга берилади. 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА