Мудофаа вазирлигининг Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган ҳарбий қисмларининг бирида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида замонавий тарғибот воситалари асосида жиҳозланган бинолар ва дала ўқув майдони фойдаланишга топширилди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Биноларнинг тантанали очилиш маросимида қўмондонлик масъул офицерлари, ҳарбий маъмурий сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ҳамкорликдаги орган мутасаддилари иштирок этди.

Тадбир аввалида сўзга чиқганлар, давлат мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида ҳарбий қисмда янги ва замонавий биноларнинг фойдаланишга топширилиши қувонарли ҳол эканлигини айтиб, барчани энг улуғ ва энг азиз байрам билан самимий қутладилар. Ушбу ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ўз зиммаларидаги шарафли вазифани масъулият билан адо этиб, доим олдинги сафларда бўлишига тилак билдиришди.
Ҳарбий қисмда замонавий стендлар ва мебеллар билан жиҳозланган ётоқхона, штаб биноси, қулай ва шинам машғулот хоналарига эга ўқув биноси ва реал вазиятларга яқинлаштирилган шароитларда амалий машғулотларни олиб бориш учун дала ўқув майдони фойдаланишга топширилди.

Шу куни хизмат фаолияти давомида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юқори натижаларга эришган, юксак ҳарбий интизомга эга бир гуруҳ ҳарбий хизмачилар мудофаа вазирининг буйруғи билан навбатдаги унвон, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шу билан бирга ҳамкорликдаги органлар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг вакилларига ҳам ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
ЎзА