Ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги доирасида Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмда “Миллий армиямиз – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган мазкур тадбир Жиззах гарнизонидаги “н” ҳарбий қисм, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши, 524-сонли Сафарбарлик чақирув резерви (СЧР) баталиони ҳамда Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир давомида ёшлар ҳарбий хизматчиларнинг кундалик ҳаёти, хизмат шароитлари, ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан яқиндан танишдилар. Амалий кўргазмалар, қўл жанги чиқишлари ва фахрий қоровул намойишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Ушбу ташкил этилган тадбиримиз ёшларни ҳарбий касбга қизиқтириш, ҳарбий таълим муассасаларига йўналтириш ҳамда келажакда Ватан ҳимоячиси бўлишларига ундашда муҳим аҳамият касб этади, – деди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши ҳарбий бўлим бошлиғи, подполковник Раҳмонжон Очилов.
Шунингдек, очиқ мулоқотлар орқали ёшларга ҳарбий таълим муассасаларига қабул шартлари ва хизмат ўташ имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.
[gallery-27083]
Қайд этиш жоизки, ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги доирасида ўтказилаётган “Очиқ эшиклар куни” каби тадбирлар ёшларда Ватан ҳимоясига нисбатан масъулият ҳиссини кучайтиради. Мазкур тадбир орқали 5 минг нафарга яқин ёшлар қамраб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА