Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий қисмда “Ёш китобхон” мусобақаси ғолиблари аниқланди
16:45 / 2022-08-23

Ҳар бир инсон дастлабки тарбияни, яъни маънавий озуқани оилада ота-онадан олади. Кейин эса мактабга боради. Жамоада ўзини қандай тутишни ўрганади. Маънавий озуқа олишнинг, чин инсон бўлиб етишишнинг бирдан бир йўли бу китоб мутолааси ҳисобланади. Инсон камолоти ва билимининг манбаи китоб билан боғлиқ. У инсонни комиллик сари етаклайди. Дарҳақиқат, бу маънавий сарчашма фарзандларимизнинг дунёқарашини бойитади, нутқини ўстириб, хотирасини мустаҳкамлайди.

Китоб маслаҳатчи, садоқатли ҳамроҳ, энг яқин дўст ва бебаҳо бойлик ҳисобланади. Миллатнинг маънавий-руҳий дунёсини китобга муносабати, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз эришган бетакрор ютуқларнинг сабаби ҳам китоб мутолаасидир. Шу боис юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган турли тадбир ва танловлардан буюк аждодларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш кўзланган.

Энг яхши тарбия воситаси китобдир. Тўғри бугунги кунда кўпчилик ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланмоқда. Бироқ, улардан фарқли ўлароқ китоб мутолаасининг ўз ўрни бор. Интернетнинг имкониятлари нечоғли кўп бўлмасин китоб берган таълимотни бера олмайди.

Андижон вилояти Пахтаобод туманида жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган “Ёш китобхон” мусобақасида ҳам юқорида келтирган фикримиз яна бир бор ўз тасдиғини топди. Қизиқарли савол-жавобларга бой ўтган мусобақа иштирокчилари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Дарҳақиқат, китоб – тафаккур қаноти. Бу қанот мустаҳкам бўлса, юксак кенгликлар сари интилишдан толмайди. Китобга бўлган қизиқиш ҳарбий хизматчиларнинг ҳам маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилади. Ҳар бир инсон китоблар орқали унинг маънавий хазинасидан, чексиз имкониятидан иложи борича кўпроқ фойдаланиб, ўзининг, ўзгаларнинг ҳаётини мазмунан бойитиши мумкин. Китоб-руҳиятимиз озуқаси, у билан дўстлашиш нафақат бизни маънан юксалтиради, балки жаҳонга танитади, эзгуликка етаклайди.

Нилуфар Бозорова,

ЎзА