Навоий гарнизонидаги ҳарбий қисмда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгаши, Навоий ҳарбий прокуратураси, вилоят Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар, Олий таълим, фан ва инновациялар, мактабгача ва мактаб таълим бошқармалари ҳамда вилоят Фахрийлар Кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 34 йиллиги муносабати билан ҳарбий ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Ўқувчи ва талаба-ёшлар, ҳарбий хизматчи ва ходимлар иштирок этган тадбир аввалида сўзга чиққанлар миллий ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлган байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстлигини мужассам этганлиги, унинг бугунги ҳаётимизда ва ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугун байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Шунингдек, турли байрам ва тантаналарда, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида баланд кўтарилмоқда.
– Байроғимиз барчамизнинг ғуруримиз, ифтихоримиздир, – дейди оддий аскар Саидқосимхон Эргашев. – Халқаро спорт ареналарида ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз шарафига мадҳиямиз янгираб, юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримизнинг қалбимизни ҳаяжон чулғаб олади. Байроғимиздаги ҳар бир рангнинг ҳам ўз маъноси ва мазмуни бор. Ундаги мовий ранг – мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзи бўлса, оқ ранг – тинчлигимиз, яшил ранг – табиатнинг янгиланиши, қизил чизиқлар эса давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат рамзидир.

Тадбирда ҳарбий оркестр, фахрий қоровул жамоаси, кинология хизматларининг кўргазмали чиқишлари, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус техникалари кўргазмалари ташкил этилиб, ёшларда катта таассурот қолдирди.

Ёшлар кўргазмаларда махсус техника ва ҳарбий қурол-аслаҳаларни томоша қилар экан, улар ҳақида тўлиқ тушунчаларга эга бўлиб, уларни ишлатиш ва фойдаланишни амалда қўллаб кўрди.
Вилоят Маданият бошқармаси ҳамда Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмасининг хушовоз хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири