Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий қисмда уч авлод учрашди
09:52 / 2025-01-29

Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округининг Хайробод гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” ҳамда “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.

Термиз ҳарбий прокуратураси ва Ёшлар ишлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Денов туманидаги ўндан ортиқ умумтаълим мактабларининг ўқувчи-ёшлари, фахрийлар, нуронийлар иштирок этди. 

 “Очиқ эшиклар куни” меҳмонларнинг жанговар техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси билан танишувидан бошланди. Уларга ҳарбий мутахассислар миллий армиямизнинг жанговар қудрати ҳақида атрофлича маълумот берди.  

Ҳарбий қисмда аскарлар учун яратилган шарт-шароитлар ва ҳарбийлар ҳаёти, кичик дала-ўқув майдонида юрт ҳимоячиларининг касбий маҳоратини оширишга қаратилган машғулотлар, саф майдонида аскарларнинг кўргазмали қўл жанги намойиши, ҳарбий оркестрнинг Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.  

Кекса, ўрта ва ёш авлод учрашувида Қуролли Кучлар фахрийлари ўзларининг хизмат даврида кўрган-кечирганлари ҳақида ҳикоя қилиб, ҳозирги Ватан ҳимоячиларининг шарафли бурчларини бажаришга яратилган шароитларни қиёслашди. Ҳарбий прокуратура ходимлари сўнгги йилларда миллий армиямизда юз берган ўзгариш ва янгиланишлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар тарафлама ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилаётган эътибор ҳамда имтиёзлар хусусида сўз юритди. Ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.  

Шу куни ўқувчилар турли спорт мусобақаларида қатнашиб, ўзларининг жисмонан тобланаётгани ва чаққонлигини, ўз билим ҳамда кучига ишонч ҳиссини синовдан ўтказди. Ғолиблар ҳарбий қисм қўмондонлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

Уч авлодни учраштирган ҳарбий қисмда тинчлигимиз бунёдкорларининг осуда, тўкин турмушимизни таъминлашдаги масъулиятли ва шарафли хизмати ўқувчиларда бой таассурот уйғотди.    

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири