Эътироф
Чирчиқ шаҳрида жойлашган десантчилар ҳарбий қисмнинг ташкил этилганига 40 йил тўлди. Шу муносабат билан тантанали байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосари, Тошкент ҳарбий округи қўмондони, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва ёшлар иштирок этди.

Тантанали тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий қисмнинг шаклланиш тарихи ва ҳозирги кундаги фаолияти ҳақида кенг қамровли маълумотлар берилди. Сўзга чиққанлар ушбу ҳарбий қисм ўзига хос тарихий анъаналарга эга экани, Ватанга садоқат йўлида фидокорлик билан хизмат қилган қаҳрамонларга бойлигини алоҳида таъкидлади.

Айниқса, сўнгги йиллар десантчиларга ихтисослашган мазкур ҳарбий қисмда кенг кўламли янгиланиш ишлари олиб борилди. Моддий-техник база тубдан такомиллаштирилди, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан жиҳозлаш ишлари муваффақиятли амалга оширилди. Бу эса ўз навбатида шахсий таркибнинг жанговар шайлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида ҳарбий қисм жамоаси эришаётган ютуқлар яна бир бор эътироф этилиб, шахсий таркибга байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Ўз хизмат бурчини сидқидилдан бажараётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари ва навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди.

Шу билан бирга, тадбир доирасида ҳарбий қисм тарихини ўзида мужассам этган музейнинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу ердаги экспозициясида ҳарбий қисмнинг шонли йўли, ривожланиш босқичлари ва ҳарбий хизматчиларнинг жасорати ўз ифодасини топган.
Тадбирда ҳарбий оркестр ижросида ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар янгради. Ҳарбийлик анъаналарини намоён этувчи фахрий қоровул жамоасининг кўргазмали чиқишлари ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жанги саҳналари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
А.Мусаев, ЎзА.