Оҳангарон туманидаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Армия ва халқ – бир тан-у бир жон” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Туман ҳокимлиги, ҳарбий қисм ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини оширишдан иборатдир.


Мактаблардан келган ўқувчиларга чегарачиларнинг кундалик хизмат фаолияти, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишдаги масъулиятли вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ташкил этилган кўргазмада эса ҳарбий қисмдаги мавжуд қурол-аслаҳалар, махсус техника ва замонавий жиҳозлар намойиш этилди. Ҳарбий хизматчилар томонидан ушбу техникалардан фойдаланиш тартиби, хавфсизлик қоидалари ва жанговар тайёргарлик машғулотлари ҳақида тушунтирилди.


Шунингдек, тадбир давомида ҳарбийлар томонидан тайёрланган жанговар саҳналар, тезкор ҳаракатлар ва махсус тактик машғулотлар намойиш этилди. Айниқса, хизмат итлари иштирокида кўрсатилган намунали чиқишлар мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотиб, уларда унутилмас таассурот қолдирди.

Тадбирда туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Ғанишер Наврўзов, туман Ёшлар ишлари бўлими, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, мутасадди ташкилот раҳбарлари ёшлар билан суҳбат қилди. Ватанга садоқат, тинчлик ва осойишталикни асраш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи экани таъкидланди.

– Бу каби тадбирлар орқали ёшларга ҳарбий соҳанинг қанчалик масъулиятли ва шарафли эканини кўрсатяпмиз. Ўз навбатида ўғил-қизларимиз ҳам фаол бўлмоқда, – дейди Оҳангарон тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Ғ.Наврўзов.


Тадбир якунида ўқувчилар ҳарбий хизматчилар билан яқиндан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА.