Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳарбий қисмда бир куним”
08:11 / 2026-02-21

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидаги вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2026 йилга мўлжалланган қўшма чора-тадбирлар дастурининг ижроси доирасида Қашқадарё вилоятидаги Муборак гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда “Ҳарбий қисмда бир куним” лойиҳаси ташкил этилди.

Тадбирда умумий ўрта таълим мактабларининг 7-9 синф ўқувчилари иштирок этди. Лойиҳа очилишида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти Кенгаши масъул ходимлари қатнашди.

Лойиҳа доирасида ёшлар ҳарбий ҳаёт билан яқиндан танишиб, Ватан ҳимоячиларининг кундалик хизмат жараёнларини бевосита кузатди. Саф тайёргарлиги, жисмоний ва руҳий чиниқиш машғулотларида қатнашган иштирокчилар жамоавий ҳаракат, тезкорлик ва интизом кўникмаларини амалда синаб кўрди.

Шунингдек, ёшлар махсус ҳарбий либослар билан таъминланиб, ҳарбий аслаҳалар ва замонавий қурол-яроғлар билан ишлаш бўйича ўқув-машғулотларда иштирок этди. Мутахассислар раҳбарлигида ўтказилган машғулотлар давомида хавфсизлик қоидалари, аниқлик ва масъулият масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Лойиҳа доирасида ўқ отиш бўйича назарий ва амалий машғулотлар, шунингдек, спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди. Ҳарбийлар билан бир сафда ўтказилган ушбу машқлар ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги ва ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг дастурий мақсадлари, ёшлар сиёсатидаги устувор йўналишлар ҳамда яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири