Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий полигонда йиғин
22:35 / 2023-11-24

“Янгиариқ” полигонида ҳокимлар ва давлат идоралари раҳбарлари иштирокидаги йиғин янги объект очилишидан бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, 22-26 ноябрь кунлари Хоразм вилоятидаги “Янгиариқ” умумқўшин полигонида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида йиғин ўтказилиши белгиланган.  

Йиғиннинг биринчи куни Хоразм вилоятидан қатнашаётган иштирокчилар вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан иштирок этаётганлар республика мудофаа ишлари бошқармасининг йиғин пунктида жам бўлишди. Қатнашчиларга сафарбарлик тадбирлари доирасида ҳарбий хизматга мажбурлар ва халқ хўжалиги техникаларини йиғин пунктида қабул қилиш, мудофаа ишлари бўлимларида бошқарув пунктини ташкил этиш бўйича кўргазмали машғулотлар ўтказилди.  

Шундан сўнг Урганч ва Нукус шаҳарларидан йўлга чиққан қатнашчилар “Янгиариқ” умумқўшин полигонида тантанали кутиб олинди ҳамда аскарлар ётоқхонасига жойлаштирилди. 2021 йилда капитал таъмирдан чиқарилган “Янгиариқ” полигони замонавий талабларга жавоб бериб, халқаро даражадаги ўқувлар ўтказиш учун кенг имкониятлар яратилган. Ҳарбий хизматчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, халқаро даражадаги тадбирларни юксак савияда ўтказиш ҳамда маданий дам олишини таъминлаш мақсадида ушбу полигонда илгари бўш турган минг квадрат метр майдонда муҳташам Маънавият маркази ҳамда меҳмонхона мажмуаси барпо этилди.  

[gallery-14769]

Янги объектнинг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими – ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Жўрабек Раҳимов, ҳарбий округ қўмондонлиги, Сенат аъзоси, Нукус шаҳар ҳокими Абат Данияров, сафарбарлик йиғини қатнашчилари иштирок этди. Вилоят раҳбари хавфсизликка таҳдидларга қарши самарали кураш олиб бориш, Қуролли Кучларимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбар ходимлари иштирокида ўтказиладиган бундай йиғинлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.  

Маънавият маркази 250 ўринли мажлислар зали, 7 та 28 кишига мўлжалланган меҳмонхона мажмуаси, чексиз интернет ҳамда онлайн видеоселектор ўтказиш имконига эга бўлган брифинг зали, хизмат ва маиший хоналардан иборат.  

Сўзга чиққанлар, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу йиғин “Халқ ва армия – бир тан, бир жон” ғоянинг амалий ифодасини намойиш этиш, Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг ҳамкорлиги самарадорлигини янада ошириш каби эзгу мақсадларни ўз ичига олганини таъкидлаб ўтди.  

Шундан сўнг, йиғин иштирокчилари гуруҳларга бўлиниб, кун тартибида белгиланган кўргазмали машғулотларга жалб этилди. Қудратли ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан танишув кўпчиликда ўз таассуротларини қолдирган бўлса, бўлинмаларни чўл шароитида тайёрлаш маркази ва яшовчанликни таъминлаш шаҳарчаси очиқ ҳавода ов қилиш ва балиқчиликка шайдо бўлганлар учун саёҳат майдонига айланди.  

Таъкидлаш жоизки, ушбу йиғинни ташкил этиш ва ўтказиш учун Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан “Янгиариқ” умум қўшин полигонида барча шарт-шароит муҳайё этилиб, бир қанча ўқув жойлари ва ўқув нуқталари ташкил этилган.  

Йиғин доирасида ҳар бир иштирокчи жанговар тайёргарлик элементларини шахсан бажариб, ўқотар қуроллардан нишонларга қарата амалда ўқ отиши ҳамда жанговар техникаларни бошқариши белгиланган.  

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат),  

ЎзА мухбирлари