Ҳарбий олий таълим муассасаларига жорий йил танлаш тадбирлари икки босқичда ўтказилади.
Биринчи босқичда ёшлар учун – туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимларда, ҳарбий хизматчилар учун – ўз хизмат ўташ жойида 1 февралдан 31 мартга қадар амалга оширилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти админстрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, ҳарбий ОТМларга қабул жараёнининг биринчи босқичида ҳужжатлар ўрганиб чиқилади. Абитуриент бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, якка тартибда мутахассис иштирокида суҳбатдан ўтади.
Иккинчи босқичда индивидуал-психологик ўрганиш, умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш, якуний тиббий кўрикдан ўтказиш (ҳарбий округ ҳудудида жойлашган ҳарбий госпиталларда) жараёнлари амалга оширилади. Иккинчи босқич ҳам фуқаро ёшлар ва ҳарбий хизматчилар учун мудофаа ишлари бўйича бошқармаларда 1 апрелдан 31 майга қадар амалга оширилади.
Дастлабки танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган номзодлар учун давлат тест синовлари июль-август ойларида республикамизнинг барча олий таълим муассасаларига ўтказиладиган тест синовлари билан бир вақтда Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.
Мактабга 6 ёшдан чиққан 15 ёшли ўқувчилар ҳам “Темурбеклар мактаби”га имтиҳон топшириши мумкин. “Темурбеклар мактаби”га умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли, деб топилган ҳамда саралаш танловидан муваффақиятли ўтган йигитлар ўқишга қабул қилинади.
“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида фуқаролар СЧР хизматини 18 ёшдан 27 ёшга қадар ўташлари белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ, СЧР пул бадалини тўлиқ тўлаган фуқаролар 27 ёшга тўлгунга қадар ойлик ҳарбий йиғинга жалб этилади.
Пул бадалларини тўлаган, бироқ ҳарбий йиғинлардан ўтмаган сафарбарлик чақируви резерви хизматчисига тўланган маблағлар, агар у ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда ва унга тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан 27 ёшгача I, II ёки III гуруҳ ногиронлиги берилган ҳолатда ёки вафот этган тақдирда тўланган пул бадаллари белгиланган тартибда қайтариб берилади. Бошқа ҳолатларда Махсус ҳисоб рақамга ўтказилган пул бадаллари қайтариб берилмайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА