Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий округда бахшилар билан ижодий учрашув
18:17 / 2024-02-03

Достонлардаги қаҳрамонлар тасвири, мардлиги, паҳлавонлиги, бирсўзлиги бахшилар ижросида тараннум этилганда йигитлик шижоати кўпиради вужудда. Боиси унда аждодларимизнинг ори, номуси куйланади ва бу туйғулар ҳамиша муқаддас бўлиб келган. Тарихи бир неча минг йилликка бориб тақаладиган достонларимизнинг тилдан-тилга ўтиб, бугунга қадар безавол етиб келишида бахшиларнинг хизмати беқиёс. Садоқат, мардлик, жасорат каби юксак фазилатларни тараннум этувчи, улуғловчи достону термалар бахшилар созига бирлашса, мукаммал ижодий асар бунёд бўлади.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Маданият саройида Республика бахшичилик санъати маркази билан ҳамкорликда “Асрлардан сўйлар достонлар” деб номланган ижодий учрашув ташкил этилди.

Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор бахши Раҳимов, “Шуҳрат” медали совриндори Баҳром бахши Раҳимов ҳамда Бобошер бахши Минглиевлар “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Рустам” достонларидан парчаларни маромига етказиб ижро этар экан бу санъат бежизга халқ бойлиги, дея эътироф этилмаганини англайди киши. Ҳақиқий эр йигит сифатлари қандай бўлиши кераклиги борасида айтилган фикрлар бугуннинг ёшлари учун ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас.

Раққосалар томонидан шўх дўмбира наволарига миллий либосларда рақслар ижро этилгани барчада юқори кайфият уйғотди. Тадбир округ офицерлари, сержантлари ҳамда Қуролли Кучлар хизматчиларининг маънавий қувват олишига катта ҳисса қўшгани аниқ.  

Республика бахшичилик санъати маркази раҳбари томонидан округ кутубхонасига “Алпомиш” достони китоби совға қилинди. Ўз навбатида меҳмонларга самимий суҳбатлар, куйланган достонлар учун миннатдорлик изҳор этилиб, округ қўмондонлиги томонидан ташаккурномалар топширилди.

Устоз бахшилар йигитлик бурчини ўтаётган аскарларга дўмбира чертиш бўйича дастлабки сабоқларни ҳам бериб ўтди.

Худди шу мазмундаги тадбир Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи тасарруфидаги Қашқадарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда ҳам бўлиб ўтди.

Элимиз ардоғидаги бахшилар ижроси ҳарбий хизматчиларнинг олдиндаги жанговар, жисмоний ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларида юқори натижалар кўрсатишида кўмак бериши, шубҳасиз.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири