Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий оилаларни қўллаб-қувватлаш: замонавий ёндашув ва шарқона мотивлар
14:55 / 2025-06-18

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила-аъзоларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борада самарали тизим яратиш мақсадида ҳарбий оилалар билан ишлашда замонавий ёндашувлар, самарали индикаторлар ва миллий қадриятларга таянган шарқона мотивлар асосида иш олиб бориш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу боис соҳа мутахассислари иштирокида “Ҳарбий оилалар билан ишлашнинг ўзига хос модуллари, индикаторлари ва шарқона мотивлари” мавзусида махсус ўқув йиғини ташкил этилди.  

Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилган тадбирда олима, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳамедова, Миллий гвардия Марказий девони масъуллари шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича масъул офицерлар иштирок этди.

— Ушбу йўналишда олиб борилаётган ўқув ишлари фақат назарий эмас, балки амалиётга йўналтирилган бўлса, у ҳолда бу ташаббуслар нафақат ҳарбий оилаларга, балки жамиятнинг барқарорлигига ҳам катта ҳисса қўшади, – дейди профессор Ж.Шермуҳаммедова. — Оилага нисбатан эҳтиром, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва сабр-қаноат каби қадриятлар ҳарбий оилалар билан ишлашда марказий ўринни эгаллаши керак. Бу нафақат анъаналарни сақлаш, балки мустаҳкам маънавий таянч яратишга хизмат қилади.  

Тадбирда оилалар билан ишлашнинг ижтимоий-психологик хусусиятлари, ҳарбий хизматчилар оилалари билан ишлаш бўйича илғор хорижий тажрибалар,  оилавий ҳуқуқий муносабатлар ва уларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари каби мавзулар бўйича тингловчиларнинг малакалари оширилди.

Якунда республикамизнинг барча вилоятларидан келган офицерлар учун Миллий гвардия Марказий девонида ташкил этилган музейга ва Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор жойларга экскурсия уюштирилди.

Н.Раҳмонова, ЎзА