Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий гарнизонларда байрамолди савдо ярмаркалари иш бошлади
09:39 / 2022-08-29

Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами арафасида Мудофаа вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.

Термиз ва Какайди гарнизонларидаги ҳарбий қисмларда йўлга қўйилган байрам ярмаркалари растасидан арзонлаштирилган сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари, турли салқин ичимликлар, сут, гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ўрин олган.

– Мамлакатимизда, айниқса, кейинги йилларда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор дунё ҳамжамиятида Миллий армиямизнинг обрўсини янада оширишга, юртимизда осуда, тўкин турмушни таъминлашга хизмат қиляпти, – дейди Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Алишер Ширинов. – Ватанимиз посбонларининг “Армия – 2022” ўйинларида эришаётган ютуқлари ҳам бунга яққол мисолдир. Ҳарбий гарнизонларда савдога чиқарилаётган арзонлаштирилган маҳсулотлар тинчлигимиз қўриқчилари оила аъзоларининг байрамни янада кўтаринки кайфиятда нишонлашида муҳим ўрин тутади.

– Маҳсулотлар бозордагидан анча арзон, – дейди гуруҳ командири, катта лейтенант Достон Сайдуллаев. – Сифати ҳам талаб даражасида. Байрам дастурхони учун зарур барча озиқ-овқат маҳсулотлари мавжуд. Мустақиллик шодиёналари арафасида бундай маҳсулотлар савдосининг ҳарбий қисмда ташкил этилгани биз учун катта қулайлик бўлди. Бундан жуда мамнунмиз.

Вилоятдаги бошқа гарнизонларда ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари ҳам осойишта ва фаровон ҳаётимиз ҳимоячиларига манзур бўлмоқда.

 

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири