Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий фахрийлар шарафланди
20:58 / 2022-06-12

Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисм маданият марказида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ фахрийлар кенгашлари раислари ва ўринбосарларининг ўқув-услубий йиғини бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидаги фахрийлар кенгашлари раислари ҳисоботи тингланди.

Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича ҳарбий округ ҳамда вилоят кенгашлари ҳарбий қисм ва муассасалари ҳарбий хизматчиларида юксак ватанпарварлик, маънавий, ахлоқий-руҳий, касбий сифатларни янада ривожлантиришга, қўшинларнинг энг яхши анъаналари, жумладан, “Устоз-шогирд” анъанасини изчил давом эттиришга, ёш авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаб, Ватан тақдири учун дахлдорлик ҳиссини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ўқув-услубий йиғинда шу ҳақида атрофлича фикр юритилиб, ҳарбий округ ва вилоят фахрийлар кенгашларининг фаолияти чуқур таҳлил қилинди. Бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Йиғин доирасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ фахрийлар кенгаши раиси Шариф Мадиев фахрийлар кенгашларида фаол хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий пенсионерларга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширди. Мудофаа вазирлиги тизимида узоқ йиллар самарали хизмат қилган захирадаги подполковник Неьмат Ёқубов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг "Мудофаа вазирлиги фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Бугун мен учун жуда қувончли кун бўлди,– дейди захирадаги подполковник Неьмат Ёқубов.– Кўп йиллик меҳнатим муносиб баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг "Мудофаа вазирлиги фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу эътибор ўқув-услубий йиғинда белгилаб берилган вазифаларни сифатли бажариш ва ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ишларни самарали ташкил этишга рағбат бўлди.

Ўқув-услубий йиғиннинг иккинчи куни Термиз давлат университетида фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва талаба-ёшларнинг “Уч авлод” учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда фахрийлар хизмат давридаги ибратли ҳаёт йўлларини, мустақиллигимизни авайлаб-асрашда бошқаларга намуна бўлган мард сафдошларининг жасоратидан лавҳаларни ёдга олди. Кейинги йилларда тинчлигимиз посбонларига яратилаётган шароитлар, ёш авлод камолоти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида сўз юритилди. Талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Меҳмонлар Термиз шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиб, буюк аллома Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилди.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири