Бозор иқтисодиёти шароитида рақобатбардош ва етук ҳарбий кадрларни тайёрлаш ҳар томонлама муҳим талабга айланди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бу борада турли саъй-ҳаракатлар амалга оширилган бўлса-да, замон талаблари ва глобаллашган муҳит юқори натижаларни талаб қилмоқда. Хусусан, олий ҳарбий таълим тизими рақобат муҳитига мос, юқори малакали кадрлар тайёрлашга йўналтирилган.
Ҳарбий таълим тизими курсантларнинг билим ва малакасини юксалтириш, педагог ва илмий кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Замонавий уруш ва техника талабларини ҳисобга олган ҳолда, ҳарбий хизматчиларнинг назарий ҳамда амалий билимлари чуқур ва пухта бўлиши таълимнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Ҳарбий авиация институтида ҳам бугунги кунда бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим шакллари йўлга қўйилди. Ўқув дастурлари замонавий фан ва техника ютуқларига мослаштирилди, ахборот-коммуникация технологиялари, инглиз тили ва табиий фанларга асосланган ягона таълим тизими жорий этилди.
[gallery-27099]
Институт профессор-ўқитувчилари ва курсантлари илмий изланишлар, ихтирочилик ва инновация лойиҳалари билан ҳам фаол шуғулланади. Сўнгги йилларда илмий салоҳият 9,6 фоиздан 56,2 фоизга ошди, профессор-ўқитувчилар 150 дан ортиқ илмий мақола ва лойиҳаларни чоп этди. Шу билан бирга, курсантлар турли олимпиада ва мусобақаларда фаол иштирок этади, халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритмоқда.
– Бугунги кунда институтнинг асосий мақсади ҳар бир курсантни замонавий билим ва касбий малакага эга етук ҳарбий хизматчига айлантиришдир, – дейди институт бошлиғининг ўринбосари, подполковник Тимур Убайдуллаев. – Биз курсантларни фақат назарий билим билан эмас, балки амалиётда ҳам пухта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Халқаро ҳамкорлик, илмий лойиҳалар ва тренажёр машғулотлари бу йўлда асосий воситалардан саналади.
Ҳарбий ҳамкорлик соҳасида ҳам институт кенг имкониятларга эга. 15 дан ортиқ хорижий мамлакатлар олий ҳарбий таълим марказлари билан кадрлар тайёрлаш ва илмий лойиҳалар бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Курсантлар Европа ва Осиёдаги турли ҳарбий таълим муассасаларида малакасини оширмоқда.
Ёш учувчи ва муҳандислар замонавий вертолётлар ва самолётларда амалиёт ўташади, тренажёр комплекслари ва лабораториялар уларнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлайди. Спорт ва маънавий тарбия курсантларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига хизмат қилади.
– Ҳар кунимиз ўқув, амалиёт ва илмий изланишлар билан тўлдирилган, – дейди 4-босқич курсанти жиззахлик Акбар Носиров. – Бу ерда биз нафақат замонавий техникалар билан ишлашни, балки жамоавий руҳ ва масъулиятни ҳам сингдириб оламиз. Институтнинг ҳар бир имконияти бизга билим ва кўникмаларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маънавий баркамол ҳарбий хизматчи – армиянинг асоси ва миллатнинг метин қалқони ҳисобланади. Институтда ёшлар маънавий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбияланади, тарихий саркарда анъаналари сингдирилади ва улар давлат ҳамда халқ манфаатлари йўлида ҳар қандай синовларни енгиб ўтишга тайёр бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳарбий авиация институтида амалга оширилаётган изчил ва мақсадли ишлар курсантларнинг юқори касбий ва маънавий тайёргарлигини таъминлаб, Ўзбекистон Қуролли Кучлари салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари