Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий авиация институтида “Уч авлод учрашуви”
13:02 / 2026-01-10

“Миллий армиямиз – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида Қуролли Кучларимиз тизимида турли мазмун ва шаклдаги маънавий-маърифий тадбирлар, ҳарбий-ватанпарварлик карвонлари, фестиваль ва акциялар изчил равишда ташкил этилмоқда.

Ушбу тадбирлар халқ ва армия ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимиз билан фахрланиш туйғусини ошириш ҳамда ҳарбий хизматнинг шарафини ёш авлод онгига сингдиришга қаратилган.

Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Ҳарбий авиация институтида ўтказилди. “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистон пойдевори” мавзусида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви”да соҳа фахрий устозлари, Ватанимиз ҳаво сарҳадларини қўриқлаётган тажрибали ҳарбий учувчилар, спорт соҳасида юқори натижаларга эришган чемпионлар ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.

Тадбирда ҳарбий авиация соҳасида кўп йиллик хизмат тажрибасига эга бўлган, Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари сафларида фаолият олиб борган катта авлод вакиллари сўзга чиқиб, курсантлар ва ёшларга ушбу касбнинг ўзига хос жиҳатлари, масъулияти ҳамда шарафи ҳақида фикрларини билдирди.

[gallery-27052]

Шунингдек, Қашқадарё вилоятидан етишиб чиққан жаҳон ва Осиё чемпионлари билан бўлган мулоқотда ёшлар олдига аниқ мақсад қўйиш, унга эришиш йўлидаги қийинчилик ва синовларни сабот билан енгиб ўтишда миллий ғурур, жамоатчилик қўллаб-қувватлови ҳамда ота-она ишончи муҳим экани таъкидланди. Чемпионлар ғалаба лаҳзасида давлат байроғи кўтарилиб, мамлакат мадҳияси янграган пайтдаги ҳис-туйғулар билан ҳам ўртоқлашди.

Қайд этилишича, бундай учрашувлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг келажакка бўлган ишончи ва мақсадларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўлмас Баротов,

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА