Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ҳарбин-2025": Байроқдорлар маълум, 1 нафар спортчимиз баҳсларга киришади
09:08 / 2025-02-07

Бугун, 7 февраль куни Хитойда "Ҳарбин-2025" қишки Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

Кун давомида эса бир қатор спорт турлари, жумладан, хоккей, кёрлинг ва шорт-трек йўналишлари бўйича саралаш мусобақалари ўтказилади. 

Ўзбекистонлик спорт ихлосмандлари учун эътиборли жиҳати, айнан 7 февраль куни ўтадиган шорт-трек мусобақаларида терма жамоамиз аъзоси Даниил Ейбог ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.  

Даниил Ейбог 1500 метрга кечадиган 1/4 финалнинг иккинчи гуруҳида Хитой, Мўғулистон, Вьетнам, Қозоғистон, Ҳонг Конг вакиллари билан кейинги босқичга чиқиш масаласини ҳал қилади.  

Шунингдек, терма жамоамиз аъзоси кун давомида 500 метрлик саралаш масофасида Ҳонг Конг, Хитой, Индонезия, Хитой Тайпейи вакиллари билан, минг метрлик масофадаги саралашда Жанубий Корея, Қатар, Хитой Тайпейи, Вьетнам вакиллари билан баҳс олиб боради.  

Кеча "Ҳарбин-2025" ўйинларининг белгиланган мажмуасида иш олиб бораётган Ўзбекистон спорт делегацияси штаби аъзолари қишки Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини олиб ўтадиган спортчилар номини эълон қилди.  

Унга кўра, чанғи альпинизми бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Жасур Шамсиддинов ҳамда Феруза Бобоқулова "Ҳарбин-2025" қишки Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросимида делегациямиз байроқдори этиб белгиланди.  

14 февралга қадар давом этадиган “кичик қишки олимпиада”да 11 та спорт тури бўйича 64 та медаллар жамланмаси учун баҳслар ўтказилади. Ўзбекистон спортчилари 6 та спорт туридаги мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб боради.  

Эслатиб ўтамиз, қишки Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бугун, Тошкент вақти билан 20:00да ташкил этилади.  

Т.Рўзиев,

ЎзА