English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаракатлар стратегияси ва Тараққиёт стратегияси: фарқли жиҳатлари нимада?
10:58 / 2022-02-02

Муносабат

Бундан беш йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди.

Шунга мувофиқ равишда 2017–2021 йилларда мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш, халқнинг осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратиш, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Куни кеча эса Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми ўлароқ, Ўзбекистоннинг келажаги билан бевосита боғлиқ бўлган энг муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бу билан келгуси 5 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг тараққиётига, равнақига бефарқ бўлмаган барча одамларда қизиқиш уйғотмоқда, бу борада кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Шу ўринда, фуқароларимиз орасида «Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси беш йил аввал қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясидан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади», каби саволлар ҳам туғилмоқда. Бу, табиий ҳол, албатта. Кўпчиликни қизиқтираётган мазкур саволга баҳолиқудрат жавоб беришни лозим топдик.

Аввало, Ҳаракатлар стратегиясидан фарқли ўлароқ, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Ўзбекистонни кейинги 5 йилда ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида 100 та мақсадга эришишга қаратилган ва 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган 398 та чора-тадбирни ўз ичига олган. Ушбу мақсадларга эришиш йўлида амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар ҳам аниқ. Улар, ўз навбатида, самарадорлик ва натижадорликни назорат қилишни анчайин осонлаштиради. Бошқача қилиб айтганда, режалаштирилган ислоҳотлар натижадорлигини тараққиётнинг мақсадларига эришганлик даражасига мувофиқ равишда баҳолаш тизими жорий этилмоқда.

Иккинчидан, Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқишда ва қабул қилишда Ҳаракатлар стратегиясига нисбатан мамлакатимиз аҳолисининг иштироки сезиларли даражада ортди. Бу билан ҳужжатнинг янада халқчиллиги таъминланди. Бунга, хусусан фақатгина учта асосий электрон платформага жамоатчилик муҳокамалари якуни бўйича келиб тушган 17 мингдан зиёд фикр-мулоҳазалар яққол далил бўла олади. Бунда, беш йил аввал Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган халқ билан мулоқот тизими муҳим роль ўйнаганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Чунки, айнан Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ишларни амалга ошириш жараёнида давлат органларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқоти йўлга қўйилди, йилдан-йилга шаффофлик ортиб борди. Бу эса ўз-ўзидан аҳолининг давлат органларига нисбатан муносабатини тубдан ўзгартирди, унинг фаоллиги, ислоҳотларга ишончи ва дахлдорлигини кучайтирди. Энг муҳими, фуқаролар томонидан давлат органлари олдига масала қўйиш имкониятлари янада кенгайди.

Учинчидан, ушбу дастурий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари қандай бўлиши, бу борадаги устувор вазифалар белгиланган. «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ҳаракатлар стратегияси ҳар бир соҳада улкан ислоҳотларни амалга ошириш билан бошланган бўлса, Тараққиёт стратегиясида эса мазкур ислоҳотлар узвийлиги таъминлангани ҳолда давом эттирилади, тўпланган катта тажриба ва имкониятлар асосида ислоҳотлар янада қатъийлик ва жадаллик билан такомиллаштирилиб борилади. Бунда натижадорлик коэффициенти ортиб, олиб бориладиган ислоҳотларнинг самарадорлиги ортади.

Тўртинчидан, Тараққиёт стратегиясини ижро қилиш бўйича механизм такомиллаштирилди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони билан стратегияни амалга ошириш бўйича миллий комиссия таркиби тасдиқланди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу комиссия таркиби мамлакатдаги давлат органлари масъуллари ва жамоатчилик фаолларидан таркиб топган. Комиссия аъзолари Тараққиёт стратегиясининг бевосита амалга оширилиши ва тегишли мутассаддилар устидан бу борада назоратнинг таъминланишига масъул этиб белгиланган.

Шу ўринда тегишли бандларнинг аниқ ижрочиси ва унинг устидан назорат қилувчиси белгиланиши билан бир қаторда, сарф-харажатлар учун режалаштирилган маблағларнинг аниқлигига ҳам эътибор қаратиш лозим. Бу, бир томондан режадаги ишларнинг самарадорлигини оширса, иккинчи томондан тегишли мутасаддилар масъулиятининг ҳам ортишига хизмат қилади.

Бешинчидан, Тараққиёт стратегиясининг ҳар бир босқичини амалга оширишда жамоатчилик назорати иштирокининг кучайтирилаётгани ҳам эътиборга молик. Табиийки, бундай назоратни амалга ошириш учун кенг имкониятларг яратилаётгани эса алоҳида диққатга сазовор. Турли жабҳалару соҳаларнинг рақамлаштирилиши, шунингдек, электрон платформалар ташкил қилинишининг режалаштирилиши, энг аввало ушбу ташкилотларнинг ўз фаолиятида самарадорликка эришиши учун хизмат қилса, бошқа томондан аҳолининг давлат органлари фаолиятидан қониқиш ҳиссини шакллантиришга туртки бўлади. Шунингдек, ушбу шаффофлик ва очиқлик жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш имконини ҳам беради. Ундан ташқари, барча даражадаги давлат органларининг халқ вакиллари – депутатлар олдидаги ҳисобдорлиги ортаётганлиги ҳам давлат органлари устидан назоратнинг кучайиши, мутассаддиларнинг ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишларига хизмат қилади.

Энг муҳими, ҳар бир мақсаднинг амалга оширилиш жараёни аҳоли томонидан доимий равишда кузатиб борилишини таъминлаш мақсадида электрон платформалар ишга туширилади ва мунтазам такомиллаштириб борилади.

Олтинчидан, Тараққиёт стратегиясини амалга оширишнинг илк йили – 2022 йилда амалга оширилиши белгилаб олинган вазифаларга ажратилаётган маблағлар миқдорининг ҳам бир неча баробар ортганлигини кўриш мумкин. Хусусан, Тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирнинг кўзда тутилганлиги бунга яққол мисол бўла олади. Ваҳоланки, 2021 йилда белгиланган давлат дастурини бажариш учун 29 триллион 492,7 миллиард сўм ва 2 миллиард 600,4 миллион АҚШ доллари, 2020 йилдаги давлат дастурини бажариш учун эса 18 триллион 171,4 миллиард сўм ва 10 миллиард 301,5 миллион АҚШ доллари ажратилган эди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни тўлақонли амалга оширишда барчамиздан мустаҳкам ирода ва қатъий интизом, бор имкониятларни тўла сафарбар қилиш талаб этилади. Албатта, бунда ҳар биримиз фаол бўлишимиз, бир куч, бир қудрат бўлиб Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «ҳамма ислоҳотларни, ҳамма ҳаракатларни жамият билан бирга қиламиз. Ҳаммамиз бир куч, бир қудрат бўлиб халқимизга хизмат қилишимиз керак».

Элдор ТУЛЯКОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази

ижрочи директори.

ЎзА