“Ўзбекистон Республикаси Ҳаракатлар стратегияси: макроиқтисодий барқарорлик, инвестицион фаоллик ва инновацион ривожланиш истиқболлари” мавзусида IV анъанавий халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 26-27 май кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган ушбу нуфузли халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Олий ва ўрта махсус таълим, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инновацион ривожланиш вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Жаҳон банки, Конрад Аденауэр (Германия) жамғармаси каби қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, АҚШ, Германия, Россия, Корея Республикаси, Индонезия, Малайзия, Чехия, Польша, Болгария, Янги Зеландия ва Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли университетлари раҳбарлари, олимлар, мутахассис ва экспертлар иштирок этмоқда.
Конференцияда Ўзбекистонда рўй бераётган устувор иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни ўзида жамлаган дастур – Ҳаракатлар стратегияси доирасида янги Ўзбекистонда ўтган тўрт йил мобайнида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман миллий ва халқаро экспертларнинг ўзаро тажриба алмашиш майдонига айлангани таъкидланди. Шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ҳар йилги Давлат дастурларининг таҳлили жараёнида тўпланган тажриба навбатдаги стратегик концепцияларни ҳаётга жорий этишда муҳим ва долзарб аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Халқаро конференцияни ташкил этишдан кўзланган устувор мақсад – тадбир доирасида шакллантирилган секциялар бўйича илмий-назарий ҳамда амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Хусусан, Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби, истиқболдаги стратегик йўналишлар бўйича иқтисодчи олимлар, тадқиқотчилар, етук амалиётчи ходимлар ва халқаро экспертлар муносабатларини умумлаштиришдир.
– Мазкур халқаро анжуман Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи устувор йўналиши – Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари, жумладан, макроиқтисодий барқарорлик, инвестицион фаоллик ва инновацион ривожланиш истиқболлари мавзусига бағишлангани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга, – деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. – Боиси, жадал ривожланаётган дунёга, жумладан, Ўзбекистонга ҳам принципиал жиҳатдан янги иқтисодий сиёсат, барча йўналишларда катта ўзгаришлар учун янги имкониятлар топишга қаратилган фаол иқтисодий ислоҳотлар зарур.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ахборот хизматининг хабар беришича, конференцияда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси: макроиқтисодий барқарорлик ва изчил иқтисодий ўсишни янада мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар сарҳисоби ҳамда истиқболдаги тараққиёт одимлари, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, реал сектор тармоқларининг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш асосида ҳудудларни барқарор ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари, қулай инвестицион муҳитни шакллантириш, янги бозорларни ўзлаштириш, экспортни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий интеграция, инфратузилма ва транспорт коридорларини кенгайтириш йўналишлари ва бошқа бир қатор шўъбалар кесимида 2017-2021 йилларга мўлжалланган ислоҳотларнинг натижалари сарҳисоби ва истиқболли йўналишлардаги ислоҳотларнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Файзулло Яҳёев, ЎзА