Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг қўшма мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси муҳокама қилинди.
Сенаторлар таъкидлаганидек, ўтган йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар сони 2024 йилга қараганда 12,6 фоизга ошган. Уларнинг 32,3 фоизи иқтисодий ҳуқуқларга тўғри келади. Ушбу мазмундаги мурожаатлар ўтган йил билан таққослаганда 26,3 фоизга кўпайган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрига тўғри келади.
Такрорий мурожаатлар сони 2024 йилга нисбатан 1,1 фоизга камайган. Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан назоратга олинган мурожаатларнинг 26 фоизи ижобий ҳал қилинган.
2025 йилда 194 таъсир чораси қўлланилган, шундан 36 тақдимнома, 24 хулоса, 12 талабнома, 4 огоҳлантириш ҳамда 118 ариза ва даъво аризаси киритилган бўлиб, уларнинг 82 фоизи ижобий ҳал қилинган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларга 954 мониторинг ташрифи амалга оширилиб, суҳбатлар ташкил этилган.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида республика бўйлаб 124 шаҳар ва туманда тарғибот тадбирлари ташкил этилган ҳамда оммавий ахборот воситаларида 4,7 мингдан зиёд чиқишлар амалга оширилган. Бу 2024 йилга нисбатан қарийб мингтага кўп.
Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан Омбудсманга таъсир чораларини қўллаш самарадорлигини ошириш, мурожаатлар билан ишлаш сифатини яхшилаш, назорат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш ҳамда масъулият ва ҳисобдорликни кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Муҳокама якунида ушбу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА