French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаракат хавфсизлигида тарғибот муҳим масала
11:04 / 2024-07-24

Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар, келгусидаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари вакиллари, соҳа мутасаддилари иштирок этган анжуманда вилоят ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, полковник Абдунаби Носиров жорий йилнинг ўтган олти ойида олиб борилган ишлар, тарғибот тадбирлари ҳақида маълумотлар берди.

– Жорий  йилнинг биринчи ярмида Андижон вилоятида жами 227 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди, – деди бошқарма бошлиғи, полковник Абдунаби Носиров. – Бунинг натижасида 41 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмди, 213 нафар фуқаро эса турли даражада тан жароҳати олди. Минг афсуски, вафот этган ва тан жароҳати олганлар орасида болаларнинг борлиги ачинарлидир. Умуман, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳеч ким ҳаётдан бевақт кўз юммасин.

Таҳлилларга кўра, содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 74 таси пиёдаларнинг, 153 таси ҳайдовчиларнинг айби билан юз берган.  

Бундан ташқари, анжуманда йўл-транспорт ҳодисаларининг 58 фоизи йўллар инфратузилмасини белгиланган талабларга жавоб бермаслиги оқибатида юзага келганлиги, 73 фоизи бевосита пиёдалар ва велосипедчилар иштирокида содир этилганлиги, қолаверса, пиёдалар иштирокидаги тарғибот тадбирларини кучайтириш муҳим эканлиги қайд этилди.  

Ҳудудлар кесимида энг кўп йўл-транспорт ҳодисалари Андижон шаҳри, Олтинкўл, Асака, Избоскан, Марҳамат ва Хўжаобод туманлари ҳиссасига тўғри келди.

Шунингдек, анжуманда ҳисобот даври давомида вилоятда соҳага оид 335 минг 243 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги таъкидланди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш борасида зарур ишлар олиб борилди. Вилоятдаги, хусусан, Андижон шаҳридаги серқатнов йўллар четларига, йўл-транспорт ҳодисалари нисбатан кўп содир этилаётган жойларга “тезликни оширмаслик”, “ҳушёр ва огоҳ бўлиш” лозимлигини кўрсатувчи банер ҳамда плакатлар жойлаштирилди. Телевидение, радиоларда видеоролик, кўрсатув ва эшиттиришлар, матбуот нашрлари ва ижтимоий тармоқларда мақола, амал қилиниши лозим бўлган тавсия ҳамда маслаҳатлар мунтазам бериб борилди.  

Ҳокимликлар, йўл қурилиши ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда транспорт қатнови ўта юқори ва доимий тирбандликлар юзага келаётган чорраҳаларга қўшимча йўллар очиш бўйича ишлар олиб борилди. Жорий йилнинг ўтган даврида йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мутахассислари таклифи билан 40 дан ортиқ чорраҳа ва ўтиш жойларида қўшимча ўтиш йўллари барпо этилди, светофорлар ҳамда йўл белгилари ўрнатилди. Натижада тирбандликлар бирмунча қисқарди.  

Тизимда “маҳаллабай” ишлаш амалиёти йўлга қўйилди. Яъни йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, туман, шаҳар бўлимлари ходимлари вилоятдаги 909 та маҳаллага бириктирилди. Мавжуд маҳаллалар йўл-транспорт ҳодисалари содир этилганлигидан келиб чиқиб, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратиб олинди. Айни кунда вилоятдаги 43 та маҳалла “қизил”, 135 та маҳалла “сариқ”, 731 та маҳалла эса “яшил” тоифадан ўрин олган. Бундан ташқари, ходимлар томонидан вилоятдаги умумтаълим мактабларида ҳам суҳбат ва мулоқотлар, турли тарғибот тадбирлари режа асосида олиб борилмоқда.  

Олиб борилган амалий ишлар натижасида, вилоят ҳудудида жорий йилнинг  олти ойи якунида,  йўл-транспорт ҳодисалари 46 тага, тан жароҳати олиш билан боғлиқ ҳодисалар 40 тага, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар 6 тага камайди.

[gallery-18388]

Анжуманда, шунингдек, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, рақамлаштириш, йўл белгилари ўрнатиш, пиёда ва ҳайдовчиларнинг маданиятини юксалтириш  борасида олиб борилаётган ишлар, келгусидаги режалар хусусида ҳам маълумотлар берилди.  

Шундан сўнг, пресс-тур ташкил этилиб, иштирокчилар Андижон шаҳрининг энг серқатнов ва тирбанд кўчаларидаги жамоат транспорти ҳаракатини тартибга солиш, пиёдалар ўтиш жойига ўрнатилган рақамли светофорнинг ишлаш жараёни, тартибга солинмаган чорраҳада  амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишди.

Матбуот анжумани ва пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.  

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари