Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар зарра тупроғи зарларга коним
15:21 / 2021-06-08

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан

Фарғона вилоятининг ҳар бир ҳудуди ўзига хос. Қубо, ҳозирги Қува кўҳна цивилизация масканларидан бири бўлиб бой тарих ва маданиятга эга. Ўтган асрнинг 30-50 йилларида ўтказилган археологик қазишмалар натижасида Қува шаҳристони дўнгликлари остидан қадимий йирик шаҳар қолдиқлари борлиги аниқланди. 1998 йилда Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллик юбилейига тайёргарлик кўриш вақтида олиб борилган археологик тадқиқотларда 8 метрдан зиёд чуқурликдан эрамиздан аввалги I-II асрларга оид буюмлар, шунингдек, турар жой харобалари мажмуаси, VII-VIII асрларга оид будда ибодатхонаси, будда ҳайкаллари, зардуштийлик ибодатхонаси харобаларининг топилганлиги унинг қадим ўлка эканлигини яна бир бор исботлади.

Бугун қуваликлар Аҳмад Фарғонийдек буюк алломаларни етиштириб берган заминда туғилганларидан фахрланишади. Шоира Зуҳра Алиева тараннум этганидек,

Оламда ягонам, жаннатмаконим,

Ҳар зарра тупроғи зарларга коним,

О, ота маконим, она маконим

Бағрингдаман, йўқдир армоним, Қувам,

Фидо бўлсин сенга бу жоним, Қувам.

Истиқлол йилларида туман ободликка, юксалишга қадам қўйди. Тадбиркорлик, саноат, томорқа маданияти анча ривожланди. Асосийси, одамларнинг дунёқарашида, онги тафаккурида ўзгаришлар, янгиланишлар рўй берди. Боқимандаликдан қутулди, кафтдек ер инсонни бой қила олишини амалда исботлади.

Қуёшни уйғотадиганлар

Саҳарда турган кишининг ризқи улуғ, оиласида барака бўлади. Бу каби қуёшни уйғотадиганларга ҳавас қилсангиз арзийди. Айниқса, қуваликларнинг миришкорлиги, тадбиркорлиги юртимизда машҳур. Мустақиллик йилларида бу борада имкониятлар янада кенгайди. Ишнинг кўзини билганлар ўз бизнесини йўлга қўйди, йирик сармоядорга айланди. Бундан ўн йил илгари туманда мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирда уларнинг сони тўрт мингдан ошди.

“Қалинпўстин” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Тикувчи Шукуровлар” оилавий корхонасида тайёрланаётган маҳсулотлар нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир. 2017 йилда ташкил этилган мазкур корхонада дастлаб бор йўғи 4 дона оддий тикув машинаси бор эди холос.

– Оилавий тадбиркорлик ҳам аслида катта бизнес, – дейди тадбиркор Дилмурод Шукуров. – Бу борада давлатимиз қатор имтиёзлар берган. Оила аъзоларимиз билан қилган яхши ниятларимиз бугун ўз самарасини бера бошлади. Ўтган даврда тармоғимиз кенгайди. Хитой, Туркиянинг замонавий дастгоҳлари ўрнатилди. 30 нафар маҳалламиздаги хотин-қизлар ҳам бу ерда иш билан банд.

Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараётган мазкур оилавий корхонанинг Тошкент шаҳрида савдо уйи ташкил этилган. Ҳозирда ички бозорни таъминлаш билан бирга, Тожикистон ва Қозоғистонга бу ерда тайёрланаётган кийимлар экспорт қилинмоқда. Тадбиркорлар оиласи бу иш билан чекланиб қолганича йўқ. Айни кунларда тумандаги “Турк” кичик саноат зонасидан 15 сотих ер олиб, 1 миллиард сўм маблағ эвазига қадоқлаш пакетларини ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш ҳаракатида.

Ёшларнинг аҳди қатъий

– Президентимизга қувалик ёшларнинг миннатдорчилигини етказиб қўйинглар, – дейди Гулжаҳон Шералиева. – Биз каби ҳаётда қийналган минглаб ёшлар ислоҳотлар боис бугун ўз ўрнини топди.

Бу каби самимий дил сўзларини аксарият юртдошларимиздан эшитишингиз мумкин. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби янги тизимнинг жорий этилиши оғир вазиятдаги оилаларга мадад бўлди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, сектор раҳбарлари томонидан ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

“Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Гулжаҳон Шералиева “Ёшлар дафтари”га киритилган.У мавсумий ишлар билан шуғулланар, аниқ даромад манбаига эга эмас эди. “Маҳаллабай” ўрганишлар давомида унинг ҳам муаммолари тингланди, орзу-режалари билан танишилди. Гулжаҳон кўчатлик билан шуғулланиш таклифини билдирди. Унга 3 гектар ер майдони ажратилди, бу ерда ёшлар кооперациясини ташкил қилди. Шижоатли аёл 8 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлади. Шунингдек, ҳудуддаги 21 нафар ишсиз ёшларни кооперацияга аъзо қилиб, улар томонидан етиштирилган кўчатларни парваришлаш ва келажакда сотиш учун кўмаклашмоқда.

Туманда ҳозиргақадар 1 минг 400 дан ортиқ ишсиз ёшларни бандлиги таъминланди, 72 нафари тадбиркорликни йўлга қўйди. 195 нафари “1+1” дастури орқали тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилди.

2020 йил Иорданияда ўтган Осиё-Океания лицензион мусобақасидаги иштироки орқали "Токио – 2020" Олимпия ўйинларига йўлланма олган Қува фарзанди Миразизбек Мирзахалилов ҳам барчанинг фахри.

Бунёдкорлик манзиллари

Айни кунларда тумандаги “Маданият” ва “Турк” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур дастур узоқ йиллар давомида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолиб келган ҳудудларнинг инфратузилмасини тубдан яхшилаб, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишдек эзгу мақсадни рўёбга чиқаришга хизмат қилаётир. Бу ишлар учун 23 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарф этилмоқда.

Айни чоғда ободонлаштириш ва қурилиш майдонига айланган икки маскан мутлақо янги қиёфа касб этаётир. Кўчаларга шағаллар ётқизилиб, асфальтлашга тадорик кўрилмоқда. Эски симёғочлар янгисига алмаштирилаяпти.

Албатта, бу каби ишларда туман йўлсозларининг хизмати беқиёс. Улар ободонлаштириш ишларида жонбозлик кўрсатмоқда.

– “Обод қишлоқ” дастури бўйича 10,8 километр ички йўлларни таъмирлаш режалаштирилган, – дейди туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси Б. Мўйдинов. – Ҳозирда бу ишлар бўйича амалий ишларга киришилган. Бир пайтлар Қувадаги ободонлаштириш юртимизда кенг оммалаштирилган эди. Биз бугун ана шуни қайта тиклашни ҳам мақсад қилганмиз. Зеро, йўллар ободлиги бу фаровонлик белгисидир.

Бугун туманда бўлсангиз, ҳар бир қишлоқда бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Туманда жорий йилда учта массивда 23 та кўп қаватли уйлар қад ростлаяпти. Ҳунармандлар марказини қуриш ишлари якунланиб, яқин кунларда фойдаланишга топширилади.

Қува туманида бугунги кунда 22 та хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига қилган ташрифлари доирасида жами қиймати 443,4 миллиард сўмлик 84 та инвестиция лойиҳалари тасдиқланган ҳамда босқичма-босқич ишга тушмоқда.

 

 

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА