Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар йили юзлаб беморлар ВПЧга кеч ташхис туфайли ҳаётдан кўз юммоқда (+видео)
10:45 / 2025-12-24

Ўзбекистонда аёллар саломатлиги соҳасида энг жиддий муаммолардан бири — бу бачадон бўйни саратони касаллигидир. Ҳар йили минглаб аёллар ушбу ташхисни эшитади ва юзлаб беморлар эса кеч ташхис туфайли ҳаётдан кўз юмади. Ачинарлиси шундаки, 15–44 ёшдаги аёллар ҳам бу хавфдан холи эмас. Статистика эса бу бўйича ташвишли рақамларни юзага чиқармоқда: мазкур касаллик аёллар орасида кенг тарқалганлигича, онкологик хасталиклар ичида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Хусусан, мамлакатда йил давомида тахминан қарийб икки мингга яқин аёлда саратон аниқланмоқда. Шундан қарийб учдан бири ўз ҳаёти учун курашда ютқазмоқда. Бундай ҳолатнинг асосий сабабларидан бири — бу кеч ташхис ва вирусли папиллома (ВПЧ) ҳақида етарлича хабардорликнинг пастлигидир.

Ўзбекистонда аёллар орасида бу хасталик учраш частотаси бўйича онкологик касалликлар ичида иккинчи ўринни эгаллаши, профилактика ва диагностика масаласини долзарб қилиб қўймоқда. Шу муносабат билан мамлакатимизда шифокорлар малакасини ошириш ва ВПЧ ташхиси бўйича лаборатория имкониятларини кенгайтиришга қаратилган муҳим семинар-тренинг ташкил этилди.

Вирусология илмий-тадқиқот институти ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда 41 нафар шифокор-цитолог ва лаборант иштирок этди. Семинар-тренингнинг асосий йўналиши гинекологик цитологияни чуқур ўрганиш, хусусан, ПАП-тест намуналарини олиш, суртмаларни тўғри тайёрлаш ва бўяш, натижаларни таҳлил қилиш, саратон олди ҳолатларни ажратиш каби амалий машғулотлардан иборат бўлди. 

Дарс жараёнида мутахассислар фақат назария эмас, балки амалий кўникмаларни ҳам пухта ўзлаштиришди. Цитологик суртмаларни ўқиш бўйича имтиҳонлар, визуал тестлар ва мутахассислар баҳолаши орқали иштирокчилар билим даражасини мустахкамлади. Тренинг давомида ташхис қўйишда аниқлик, етказиб берилаётган билимларни амалиётга жорий этиш ҳақида фикр алмашувлар бўлди.

Мутахассислар ўз тажрибаларини бир-бири билан ўртоқлашдилар, реал клиник ҳолатлар мисолида таҳлиллар амалга оширилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга 144 соатлик малака ошириш сертификати топширилди. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/nFfL2csq9BQ" title="Har yili yuzlab bemorlar VPChga kech tashxis tufayli hayotdan ko`z yummoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Пилот ҳудудларда камида 50 минг аёлни тестдан ўтказиш режаси, шу тренинглар каби ташаббусларнинг амалий пойдевори ҳисобланади.

Тренинг натижасида, ВПЧ диагностикасида малакали кадрлар сони ошади, саратон олди ҳолатларни аниқлаш имкониятлари кенгаяди ва шу билан бир қаторда аёллар саломатлиги учун скрининг тизими яхшиланади.

Мамлакатда эса ВПЧ лаборатория диагностикаси бўйича инфратузилма кенгаяди ва 3 та лаборатория очилиши режалаштирилган.

М.Эшмирзаева, ЎзА