Мамлакатимизда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президент сайловига саноқли кунлар қолди. Ушбу муҳим сиёсий тадбир фуқароларнинг сиёсий хоҳиш-иродасини намойиш этган ҳолда юрт эртасига ҳисса қўшиш имконини беради.
Айни кунларда сайловолди ташвиқоти ишлари давом эттирилмоқда. Хусусан, ЎзЛиДеПдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги ишончли вакили Рустам Калонов Тошкент шаҳар “Ишга марҳамат” Мономаркази мажлислар залида Яшнобод тумани сайловчилари билан, шунингдек, “Хусма” меҳмонхонаси мажлислар залида Сергели тумани сайловчилари билан учрашди.

Учрашувларда ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг фаолияти ва сайловолди дастури билан таништирди. Таъкидланганидек, 2030 йилгача иқтисодиётимиз ўсиш суръатлари 2 баробар оширилиб, 160 миллиард долларга етказилади. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширилади. Илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш орқали меҳнат унумдорлиги 2 баробарга оширилади.

Шунингдек, 2024 йилдан саноатда “яшил сертификат”лар бозори яратилади. Автобуслар тўлиқ экологик тоза электр ёки газ ёнилғисига ўтказилади. Барча янги уйлар ва асбоб-ускуналарга энергияни тежаш бўйича талаблар жорий этилади. 10 минг километр магистрал ва 110 минг километр ҳудудий электр тармоқлари барпо этилади.


Ишончли вакил аҳоли саломатлигини яхшилаш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилашга қаратилган ташаббуслар хусусида ҳам маълумот берди. Қайд этилганидек, “Гепатит С” касаллиги бор беморлар тўлиқ давлат ҳисобидан даволанади. 2024 йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилади. Туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотаси бепул тарқатилади. Ҳар йили юрак нуқсони бор 5 минг бола ва кўриш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган 10 минг чақалоқ давлат ҳисобидан бепул даволанади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА