Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар йили 2 миллиондан ортиқ одам ОИВ касаллигидан вафот этади
18:43 / 2024-02-23

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, одамнинг иммунитет танқислиги вируси оқибатида келиб чиқадиган касаллик, яъни ОИВ инфекцияси бугунги кунда барча мамлакатлар учун глобал муаммога айланган. Ҳар йили ўртача 2,5 миллион одам ОИВ юқтиради, 2 миллиондан ортиқ одам бу касалликдан вафот этади. Эпидемия бошланганидан буён дунё бўйича 75 миллион инсон ОИВ инфекциясига чалинган.

Шунингдек, психотроп ва гиёҳванд моддаларга қарамлик ҳам долзарб муаммолардан бирига айланган. Дунё бўйича 2020 йил якунида 275 миллион одам психоактив моддалар қабул қилиши аниқланган. Бу кўрсаткич 2030 йилга бориб яна 11 фоизга кўпайиши тахмин қилиняпти. Шунингдек, 36 миллион киши гиёҳванд моддалар қабул қилиши натижасида келиб чиқадиган саломатлигидаги бузилишлардан азият чекмоқда. 

Сил касаллиги билан биринчи марта аниқланганлар 2022 йилда 7,5 миллион ни ташкил этиб, бу 1995 йилдан буён рекорд кўрсаткич деб, тан олинган. Ушбу касаллик сабабли ўлим ҳолатлари 2015 йилга нисбатан 19 фоизга камайган бўлса-да, ЖССТнинг мақсадидан (75 фоизга камайтириш кўзда тутилган) анча кам кўрсаткичдир. 

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси йиғилишида қайд этилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Аҳолининг сил ва ОИВ билан зарарланиш даражасини камайтириш ҳамда психотроп ва гиёҳванд моддаларга қарамлик профилактикаси ва даволаниши самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги ахбороти эшитилди. 

Эшитувда таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, сил ва ОИВ инфекциялари тарқалишининг олдини олиш, психотроп, гиёҳванд моддаларга қарамликнинг профилактикаси ва ундан даволаниш самарадорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, фтизиатрия тизимидаги муассасаларнинг лабораториялари 160 дан зиёд талабга жавоб берадиган, сил билан оғриган беморларни 2 соат давомида аниқлайдиган G-Xpert, сил микобактериясининг дориларга чидамли турини аниқлайдиган 12 та HAIN, бактериологик усул билан аниқлайдиган 17 та MGIT каби замонавий ташхислаш жиҳозлари ўрнатилган. 

Олис, чекка ва тоғли ҳудудларда яшовчи аҳолида нафас аъзолари касалликларига скрининг қилиш мақсадида 7 та “Ўпка саломатлиги” мобил бригадаси ташкил қилиниб, замонавий сунъий интеллект тизими билан ишловчи мобил рентген ускуналари билан жиҳозланган. Бундан ташқари, Президентимизнинг тегишли қарори билан жорий йилда фтизиатрия ва пульмонология тизимидаги 16 та муассасани 47 турдаги замонавий ташхислаш, даволаш ва реанимация ускуналари билан жиҳозлаш режалаштирилган. 

Эшитувда қайд этилганидек, мамлакатимизда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш борасида замоновий талабларга жавоб берадиган республика, ҳудудий ҳамда туманлараро ОИТСга қарши курашиш марказлари ташкил этилган. Улар ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхис қуйиш учун тегишли асбоб ускуналар билан жиҳозланган. 

Амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида 2022 йилда 2021 йилга нисбатан сил касаллиги билан касалланиш интенсив кўрсаткичи 35,2 дан 34,9 га пасайган. ОИВ инфекциясини аниқлаш бўйича 2023 йилда 2022 йилга нисбатан текширувдан ўтказилганлар сони 20 фоизга ошган бир вақтда инфекция аниқланганлар 0,4 фоизга камайган. 

Аҳоли, айниқса, ёшларни гиёҳвандликнинг салбий оқибатларидан хабардорлигини таъминлаш мақсадида республика бўйича 397 та мактаб, 156 та ўрта-махсус таълим муассасаларининг ўқитувчилари, 886 та маҳалла фаоллари орасида психоактив моддалар истеъмол қилганлик белгиларини аниқлаш бўйича ўқув-семинарлар ўтказилган. Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказида “Call-markaz” ташкил этилиб, гиёҳвандликка чалинган шахслар ёки уларнинг қариндошлари томонидан маслаҳат олиш имкониятлари кенгайтирилган. 

Эшитув давомида депутатлар чет давлатда узоқ муддат бўлиб, яшаш жойларига қайтиб келаётган меҳнат мигрантларини ОИВ инфекциясига текширувни кучайтириш, GDF халқаро ташкилоти орқали харид қилинадиган силга қарши дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ишларини тезлаштириш, носоз ҳолга келиб қолган диагностика ускуналарини ўз вақтида ишчи ҳолатга келтириб қўйиш бўйича тавсиялар берди. 

М.Комилова, ЎзА