Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар йили 1 миллиарддан ортиқ бола турли зўравонликларга дучор бўляпти 
18:18 / 2024-02-19

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича ҳар йили 1 миллиарддан ортиқ бола турли хил зўравонликларга дучор бўляпти ва бу рақам йилдан йилга ошиб боряпти. “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияда ҳар бир давлат болаларни зўравонлик, эксплуатация, таҳқирлаш ва ғамхўрлик кўрсатмаслик каби ҳолатлардан ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриши белгиланган. Яъни, Конвенцияда зўравонликнинг бир неча тури саналган.

Мамлакатимиз мустақилликдан сўнг халқаро ҳужжатлар ичида биринчилардан бўлиб “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни ратификация қилди ва миллий қонунчилигимизни бу борадаги халқаро талабларга мослаштиришга катта эътибор қаратилди. Халқаро Конвенцияда зўравонликнинг бир неча турлари кўрсатилган бўлса-да, лекин Ўзбекистон амалиётида фақат жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонлик билан курашиб келинади. 

Халқаро талаб ва ҳуқуқни қўллашдаги муаммолардан келиб чиқиб, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, болалар зўравонликларининг олтита тури аниқ белгиланмоқда. Булар — жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонлик билан бирга, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация ва ҳозир кенг тарқалаётган буллингдир. 

Амалиётда болалар зўравонлиги билан асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари курашяпти ва бу кутилган натижани бермаяпти. Яъни, қонун даражасида бу билан шуғулланадиган ягона давлат органи белгиланмаган. Шу боис, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бу борадаги ишларга масъул этиб белгиланмоқда. 

Агентлик зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш мақсадида бутун Ўзбекистон ҳудудида тун-у кун ишлайдиган бепул телефон линияси тармоғи ишлаб туришини ҳам таъминлайди. Яна тўққизта давлат органи бу ишлар билан шуғулланади. Болалар миллий комиссияси эса барча ишларни мувофиқлаштириб боради. 

Мазкур қонун лойиҳаси билан илк бор янги институт жорий қилиняпти. Яъни, эндиликда болаларга ҳам ҳимоя ордери бериш таклиф этиляпти. Ордер ваколатли орган томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади. 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолат юзасидан маълумотлар келиб тушган пайтдан бошлаб 24 соат ичида вазиятни баҳолаб, натижасига кўра ҳимоя ордерини беради ёки рад этади. Шу билан бирга, зўравонлик содир этган оилалар билан ишлаш институти ҳам жорий этилмоқда. 

Зўравонлик тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиш, махсус марказларда, шунингдек, бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби имкониятлар яратилиши назарда тутилмоқда. 

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг йиғилишларида қизғин муҳокама қилинди. Уларда депутатлар қонун лойиҳасининг ўта долзарблигини қайд этган ҳолда ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар. 

Депутатлар зўравонлик фақатгина жисмоний зарба бериш билан ўлчанмаслиги, руҳий, маънавий зўравонлик, яъни озиқ-овқат, кийим-кечак ёки бошқа масалалардаги камситишларни ҳам назоратга олиш муҳимлигини таъкидлади. 

Ҳар иккала фракция йиғилишидаги қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА