Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Пойтахтимиздаги Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигидаги Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишида икки давлат президентлари “Марказий Осиё” саноат кооперация марказига расман старт бердилар. Бу лойиҳа асосида минтақанинг логистик ва саноат салоҳиятини кучайтириш, экспорт имкониятларини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш мақсад қилинган.
Марказ Сирдарё ва Қозоғистон ҳудудидаги замонавий инфратузилма, транспорт йўллари, омборлар ва ишлаб чиқариш майдонларига эга бўлиб, логистика занжирини оптималлаштириб, харажатларни камайтиради ва маҳсулот етказиб бериш тезлигини оширади.

Комплекснинг умумий майдони 100 гектарни ташкил этади, шундан 50 гектари Қозоғистон қисмига, қолгани эса Ўзбекистон қисмига тўғри келади. Бу ерда қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини қайта ишлаш, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, кимё, чарм ва тўқимачилик каби соҳаларни ривожлантириш кўзда тутилган. Бу минглаб янги иш ўринлари ва юқори технологияларга асосланган корхоналарни ташкил этиш имконини беради.

2026 йилнинг тўртинчи чорагига қадар инфратузилма қурилиши тўлиқ якунланиши, 2027 йилнинг биринчи ярмида эса марказ тантанали очилиши режалаштирилган. Бу қўшма корхоналарни ривожлантириш, экспорт ҳажмларини ошириш ва Марказий Осиёдаги иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш учун муҳим қадам ҳисобланади.

– Туманимизда ишга тушаётган марказ туман иқтисодини юксалтиришга, икки мамлакат ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ишсиз аҳолимизни муқим иш жойлари билан таъминлаш ва даромадларимизни оширишга қўшимча имконият яратади. Энг асосийси, мазкур лойиҳа нафақат туман, балки вилоят аҳолиси томонидан катта хурсандчилик билан қабул қилинди, – дейди Акбарали Мирзааҳмедов.

– Қўшни Қозоғистон Республикасининг Махтаорол ва Еттисой аҳоли пунктларида яшайдиган аҳоли билан узоқ йиллардан бери қуда-анда, борди-келди алоқалари қиламиз. Нафақат Сирдарёда, балки қўшни ҳудудда барпо этилаётган ушбу мажмуа ана шу алоқаларни мустаҳкамлайди, икки давлат ўртасида савдо ва ишлаб чиқариш алоқаларини ривожлантиради. Бунинг учун аввало, президентимиз, муҳтарам Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, – дейди юртдошларимиздан бири Ғайбулла Тўйчиев.

Марказ нафақат маҳаллий иқтисодиётни, балки бутун Марказий Осиёдаги кооперация ва экспорт салоҳиятини кучайтиришга катта ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири