Кейинги йилларда мамлакатимизда томорқадан самарали фойдаланиш, аҳоли орасида томорқа маданиятини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки томорқа нафақат оиланинг кундалик эҳтиёжини таъминлайди, балки қўшимча даромад манбаи, соғлом турмуш тарзининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Буни теран англаб етган айрим хонадонлар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, ўз томорқасини файзли ва серҳосил масканга айлантирмоқда.
Шундай ибратли хонадонлардан бири Қашқадарё вилояти Касби тумани Денов маҳалласида истиқомат қилувчи Эркин Остонов оиласидир. У кўп йиллардан бери таълим соҳасида фаолият юритиб келаётган тажрибали педагог. Турмуш ўртоғи Озода Худойбердиева ҳам қарийб қирқ йил давомида ўқитувчилик қилиб, ҳозирда нафақада. Бу оила қишлоқдаги тотув, меҳнатсевар ва намунавий хонадонлардан саналади. Икки ўғил ва уч қиз ҳаётдан ўз ўрнини топган.

Оила аъзолари бўш вақтларини самарали ташкил этиб, томорқадан оқилона фойдаланишни одат қилган. Томорқада шолғом, карам, лавлаги, исмалоқ, шивит, саримсоқпиёз, петрушка каби турли сабзавот ва кўкатлар етиштирилмоқда. Эътиборлиси, экинларни танлашдан тортиб, парваришлашгача бўлган барча жараёнда агротехник талабларга қатъий амал қилинади. Бу эса ҳосилнинг баракали бўлишига хизмат қилмоқда.

– Денов мелиорация ва сув хўжалиги техникумида фаолият юритаман. Ишдан бўш пайтларимда, айниқса, дам олиш кунлари томорқада меҳнат қилиш мен учун ҳордиқ чиқаришдек, – дейди Эркин Остонов. – Томорқам катта эмас, лекин ҳар бир экин учун энг сифатли уруғларни танлаб экаман. Дарахтлар ҳам худди шундай. Агротехник қоидаларга амал қилиш ҳосилдорликни оширишини тажрибада кўриб турибман. Кўкат ва зираворлар ҳар бир оила томорқасида бўлиши шарт. Улар нафақат иқтисодий, балки саломатлик учун ҳам жуда фойдали.

Томорқада манзарали дарахтлар ёзнинг жазирама кунларида соя солиб, ҳовлига файз бағишлайди. Олма, хурмо, бодом, узум, ўрик, олча, тут каби мевали дарахтлардан олинаётган ҳосил нафақат оила эҳтиёжини қоплайди, балки ортиқчаси бозорга чиқарилиб, қўшимча даромад ҳам келтирмоқда. Шунингдек, 80 тупдан ортиқ турли навдаги анжир дарахтлари ҳам мўл ҳосил беряпти.
– Гул экиш ва уларни парваришлаш менинг севимли машғулотим, – дейди оила бекаси Озода Худойбердиева. – Ёзда гуллар ҳовлимизга хушбўй ҳид тарқатади. Айримлари эса қишда ҳам очилиб, ҳовлимизга ўзгача чирой бағишлайди. Шу боис қировли кунларда ҳам уйимизда баҳор нафаси сезилиб туради.

Томорқани кўздан кечирган ҳар қандай киши унинг мўъжаз бўлишига қарамай, жуда тартибли, озода ва мақсадли ташкил этилганига амин бўлади. Ҳар бир дарахт ва экин ўз ўрнида бўлиб, эҳтиёткорлик билан парваришланмоқда.
Бундай ибратли тажрибалар шуни кўрсатадики, томорқадан унумли фойдаланиш нафақат оила даромадини оширади, балки меҳнатсеварлик, тежамкорлик ва ерга бўлган масъулиятли муносабатни шакллантиради. Агар ҳар бир хонадон ўз томорқасига шу руҳда ёндашса, рўзғор баракаси, қишлоқ фаровонлиги янада юксалиши шубҳасиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири