Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар қарич ердан самарали фойдаланиш муҳим
16:47 / 2022-05-16

Сўнгги вақтларда дунё ҳамжамиятида содир бўлаётган ҳодисалар иқтисодиётнинг барча соҳалари каби қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат танқислиги келиб чиқишига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Ҳар бир давлатнинг иқтисодий барқарорлиги мамлакат экспорт салоҳияти билан боғлиқдир. Ўз ўрнида соҳани янада такомиллаштириш ва жаҳон бозорини рақобатбардош маҳсулот билан таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.  

Маълумки, миллий иқтисодиётимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда соҳани ривожлантиришда кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни қўллаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Энг муҳими, ушбу ҳаракатлар норматив ҳужжатлар билан мустаҳкамланди. Кўплаб имкониятлар ва зарур шарт-шароитлар яратиб берилди.   

Қишлоқ хўжалигида янгидан ташкил этилган тизим – кластерлар ҳам ўз натижасини бера бошлади. Ҳосилдорлик ошиши, сув тежаш ва минерал ўғитлар тежамкорлиги билан биргаликда экилган маҳсулотнинг эгаси ҳам пайдо бўлди. Умид билан экилган ҳар бир ниҳол тайёр маҳсулотга айлангунга қадар бўлган давр учун тизим яратилди.   

Албатта, юқори натижага эришиш тез фурсатда бўлмайди. Бунга илмий асослаш, амалий тажриба ва дунё тажрибасини чуқур таҳлил қилиш орқали босқичма-босқич ўтиш режалаштирилган. Бугун импортни кескин камайтириш, ички имкониятларни йўлга қўйиш, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш ва унинг салоҳиятини ошириш мамлакатимиз ташқи иқтисодий фаолиятининг туб манфаатларини кўзда тутади. Бунинг учун миллий иқтисодиётнинг барча тармоқларида маркетинг тадқиқотлари ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.  

Республикамизда йил сайин мева ва сабзавотлар етиштириш ҳажми ортмоқда. Аммо халқаро даражадаги рақобат муҳити қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида уларнинг сифат даражасига алоҳида эътибор қаратишни талаб этмоқда. Мева ва сабзавотларнинг сифати, бир томондан, уларнинг тури ва навига боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, уларни териш ва узиш муддатлари ҳамда саралаш, товар ҳолатига келтириш, жойлаш, ташиш, сақлаш усулларига тўлиқ риоя қилиб боришга ҳам боғлиқдир.   

Озиқ-овқат хавфсизлигининг олдини олиш учун ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, фермер хўжалиги ерлари ва аҳоли томорқа ерларининг ариқ ва зовурлар билан туташ ҳудудларининг ёқаларига ошқовоқ, кунгабоқар ва дуккакли экинлар экиш, шу билан бирга узум ва боғлар оралиғига сабзавот экин турларини экиш мақсадга мувофиқдир.    

Шавкат Жалолов,  
Олий Мажлис Сенати аъзоси. 

ЎзА