Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини изчил ривожлантириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, янги даромад манбаларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар қилиняпти. Натижада аҳоли учун имтиёзлар янада кўпайди.
Хусусан, бугунги кунда томорқа ер майдонлари ва деҳқон хўжаликларига ижарага берилган ерлар аҳоли даромадини ошириш, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ер — бу бойлик ва барака манбаи. Ундан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳар бир инсоннинг фуқаролик масъулиятидир.

Шу муносабат билан 2026 йилда Тошкент вилоятининг 883 та маҳалласидаги 32 минг 315 гектар аҳоли томорқаси ва 19 минг 736 гектар деҳқон хўжаликларига ижарага берилган ер майдонларида баҳорги экинлар экиш режалаштирилган. Шу асосида юқори даромадли, экспортбоп ҳамда бозор талаби юқори бўлган маҳсулотлар етиштириш кўзда тутилган. Бу эса минглаб оилаларнинг даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
— Таъкидлаш жоизки, аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб имтиёз ва субсидиялар жорий этилган. Хусусан, намунали ва инновацион лойиҳалар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача грант берилади. Уста деҳқонларга 2 млн сўмдан 75 млн сўмгача субсидия ажратилади. Вертикал суғориш қудуқлари ҳаражатларининг 100 фоизи (белгиланган миқдоргача) қоплаб берилади. Жойларда қудуқ бурғилаш ва қуёш панеллари ўрнатиш ҳаражатларининг 70 фоизи субсидия қилинади. Шу билан бирга, узумчилик, боғдорчилик ва томчилатиб суғориш тизимлари учун аҳолига молиявий кўмак қилинади. 7 йилгача имтиёзли кредитлар ҳамда 5 йилгача лизинг асосида ускуналар ажратилади, — дейди Тошкент вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Йўлдашов.

Бундан ташқари, томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш устидан ҳар чоракда мониторинг ўтказилади. Ер майдонлари қаровсиз қолдирилган тақдирда берилган имтиёзлар бекор қилиниши, кредит маблағлари ажратилмаслиги ҳамда ер солиғи миқдори оширилиши мумкин. Шу боис, ҳар бир фуқаро ўзига бириктирилган ер майдонидан оқилона фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришиши ва оиласи даромадини оширишга интилиши лозим.
Тошкент туманидаги “Oltin Ufq agro” фермер хўжалиги 2026 йил баҳор мавсумида жами 18 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этишни ўз олдига аниқ мақсад қилиб қўйган эди. Бу ташаббус нафақат сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, балки ҳосилдорликни ошириш ва ҳаражатларни камайтиришга хизмат қилади.

Мазкур фермер хўжалиги тумандаги сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи “KAVSAR” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган “Қуёш панеллари орқали электр энергиясиз мобил кўчма сув етказиб бериш тизими”ни харид қилган ҳамда корхона билан лойиҳа келишув битимлари тузилган. Ушбу инновацион тизим энергия тежамкорлиги ва қулайлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Айни пайтда хўжалик ҳудудида сув омбори қуриш ишлари олиб борилмоқда, қатор ораларига экинлар экиш тадбирлари бошланган.

Бекобод туманида ҳам аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ҳамда бандликни таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, "Илғор" маҳалла фуқаролар йиғини ҳам картошкачиликка ихтисослашган. Шу кунларда далаларда ишлар қизғин.Маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, картошка экиш мавсумини бошлаб юборди.

Далаларда юқори ҳосил умидида тер тўкилмоқда. Илғорликлар ўз номига муносиб бўлишга интилади. Бу маҳаллада меҳнат — анъана, ҳамжиҳатлик эса ҳаёт тарзига айланган.
А. Мусаев, ЎзА