22 апрель – Бутунжаҳон ер куни
Маълумотларга кўра, вужудга келганига қарийб тўрт ярим миллиард йил бўлган Ер юзининг асосий қисми денгиз ва океанлар билан қопланган ва фақатгина умумий майдонининг тахминан 29 фоизи ер фондига тўғри келади. Ер вужудга келганидан буён, ўтган вақт давомида биологик хилма-хилликнинг ноёб генетик фонди шаклланди ва ўрганиш натижалари асосида ҳозирга қадар 1,4 миллион биологик тур тавсифланган. Баҳолашларга кўра, улар 5 миллион турдан ортиқ. Ер қаърида катта миқдордаги нефть, газ, кўмир, турли металлар ва бошқа минерал ресурслар мавжуд.
Бироқ табиий ресурсларга икки қарама-қарши жараёнлар доимий таъсир кўрсатиб келади. Бир томондан бир неча минг йиллар давомида инсоният табиий ресурслар истеъмоли даражасини изчил ошириб, ҳаёт кечириш ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли бўлган ерларни кенгайтириш борасида курашиб келаётган бўлса, иккинчи томондан фойдали қазилмалар, ўрмон, ер, сув ва бошқа табиий ресурсларнинг қисқариши, ёмонлашиши ҳамда йўқ бўлиб кетиш ҳодисаси доимий равишда рўй бермоқда.
XX аср давомида ер майдонлари кам, лекин аҳолиси зич жойлашган мамлакатлар денгизлар ҳисобига қирғоқ бўйларини кенгайтириш бўйича иш олиб бордилар. Натижада ер юзидаги қуруқликларни ўзлаштириш икки баробарга ошди. Янги ерларни, айниқса, ўрмонларни кесиш ҳисобига ўзлаштириш нафақат алоҳида минтақаларда, балки бутун сайёрамизда экологик мувозанатнинг бузилишига, сув режимининг ўзгаришига ва бошқа салбий оқибатларга олиб келмоқда. Афсуски, бу жараён ҳамон давом этмоқда.
Чўлланиш, айниқса, дунёнинг қурғоқчил ҳудудларида катта майдондаги ерларни ўз домига олмоқда. Маълумотларга қўра, ҳар йили биргина эрозия оқибатида 6‑7 миллион гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги ҳисобидан чиқиб кетмоқда. Бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини жиддий хавф соляпти.
Аслини олганда Ер юзасининг умумий майдони 510,2 миллион км2 дан иборат бўлиб, 29,2 фоизи қуруқликка ва қолган 70,8 фоизи денгиз ва океанларга тўғри келади. Турли баҳоларга кўра, жаҳоннинг умумий ер фонди майдони Антарктида ва Арктика музликларини ҳисобга олмаган ҳолда 13,1 миллиард гектардан 14,9 миллиард гектарни ташкил этади.
Ер майдонларининг ўта тақчиллигига қарамасдан, ишлов бериладиган ерлар инсон учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг 88 фоизини етиштириб беради. Дунёдаги ҳайдаладиган ерларнинг асосий майдонлари Шимолий ярим шарда – ғарбий ва шарқий Европада, жанубий Сибирда, шарқий, жануби-шарқий ва жанубий Осиёда, Канада ва АҚШ текисликларида жойлашган. Бу майдонлар асосан Ер шарининг ўрмонлар, ўрмон-даштлар ва даштли минтақаларида жамланган. Жамият ҳаётида яйловлар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, инсоният истеъмол қиладиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг 10 фоизга яқинини беради.
Дунёнинг қурғоқчил ҳудудларида чўлланиш жараёнлари катта майдонлардаги ерларни босиб, ҳозирги кунда 900 миллион гектар майдонни эгаллаган. Бундан ташқари, ўнлаб мамлакатларнинг ҳудудидаги тахминан 3 миллиард гектар ер майдонига чўлланиш жараёнлари хавф солмоқда.
Жаҳонда юз бераётган глобал иқлим ўзгаришлари, ерларнинг яроқсиз ҳолатга келиши, биологик хилма-хилликнинг камайиб бориши нафақат иқтисодиёт тармоқлари ривожи, шу билан бир қаторда инсониятнинг фаровон келажагига ҳам жиддий хавф туғдирмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2009 йилда 22 апрелни “Бутунжаҳон ер куни” деб эълон қилган. Шу куни жаҳондаги барча мамлакатларда турли тадбирлар ва акциялар ўтказилиб, инсоният эътиборини Ер муаммоларига қаратишга ҳаракат қилинади.
Тошкент давлат аграр университетида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда сана муносабати билан тадбир ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Мақсуд Рўзметов, Тошкент давлат аграр университети проректори Алишер Ҳасанов, AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ва USAID миссияси директори Микаела Мередит, мутахассис ва экспертлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда она заминни асраш, қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, тупроқ унумдорлигини сақлаш қишлоқ хўжалик мутахассислари зиммасидаги муҳим вазифа эканлиги қайд этилди. Ушбу глобал ҳаракатнинг асосий мақсади жамият ва сайёрадаги ҳар бир инсоннинг эътиборини Ер ва унинг атроф-муҳити муаммоларига қаратишдан иборат.
Таъкидланишича, юртимизда ер ресурсларини асраш, ундан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани диққатга сазовордир. Чунончи, мамлакатимиз Чўлланишга қарши кураш бўйича конвецияга, Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияга ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенцияга қўшилди. Ушбу конвенциялар мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан бир қатор муҳим старатегик, шу жумладан: “Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва ҳаракатлар Дастури”, “Қурғоқчилик ва чўлланишга қарши кураш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури”, “Атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури”, “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастури” ва бошқалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг иқлим ўзгаришлари, чўлланишга қарши курашиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, бутунжаҳон маданий меросни муҳофаза қилишга доир конвенциялар ҳамда бошқа экологик йўналишдаги халқаро шартномаларга қўшилиши мамлакатимизда мазкур йўналишда салмоқли ишлар олиб борилаётганидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ер умуммиллий бойлик бўлиб, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланган. Шунингдек, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан ҳамда бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат эканлиги белгилаб берилди.
– Бугунги тадбирга дунё аҳолиси қаршисида турган экологик муаммоларнинг долзарблигини таъкидлаш учун йиғилдик. Айтиб ўтиш жоизки, биз иқлим ўзгаришига қарши ҳозирданоқ ҳаракат қилишимиз керак ва бу жараёнга ёшларни жалб қилиш жуда муҳим. Тошкент давлат аграр университети Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун келажак етакчиларини тайёрламоқда ва бу ёшлар инновацион ёндашувлар ва барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий этувчилари бўлади, – деди AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.
2022 йил март ойида USAIDнинг Aгробизнесни ривожлантириш лойиҳаси томонидан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ТДAУ билан ҳамкорликда “Бутунжаҳон ер куни”га бағишланган талабаларнинг экологик лойиҳалари танлови эълон қилинди. Танлов ғолиблари Гулҳаё Яхшибекова, Нозима Aбдусаломова ва Шоҳрух Тўхтасиновлар ТДAУ талабалар шаҳарчаси атрофидаги дарахтларни рўйхатга олиш учун QR-код тизимини жорий қилиш лойиҳасини таклиф қилишди. Университет ҳудудида жойлашган дарахтларини QR-код билан белгилаш, муайян дарахт навлари ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва онлайн ахборот базасини яратиш орқали уларнинг ҳимояси таъминланади.
– Аёллар, ёшлар ва бошқаларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш имкониятларини кенгайтириш иқлим инқирозини муваффақиятли ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга, – деди USAID миссияси директори Микаела Мередит. – Танлов доирасидаги рақобат талабаларга танқидий фикрлашга туртки бергани ва уларни экологик барқарор ечимлар ҳақида ўйлашга ундаганидан хурсандмиз. “Глобал фикрла, маҳаллий ҳаракат қил!” фалсафасига амал қилган ҳолда, ушбу амалий ечимлар аввал университет худудида, сўнгра эса Ўзбекистондаги экологик муаммоларни ҳал қилишда бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши мумкин.
Тадбир давомида “Талабаларнинг экологик танлови” ғолибларини тақдирлаш ва сана муносабати билан дарахт экиш маросими ўтказилди.
ЎзА