Хатирчи туман судлари томонидан Хатирчи Педагогика техникумида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида навбатдаги сайёр суд мажлиси ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди.
Сайёр суд мажлисида 1 та жиноят иши, 35 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳамда 1 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларга нисбатан суднинг якуний қарорлари эълон қилинди.

– Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят ва ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлигини эслатиш ҳамда шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишдан иборатдир, – дейди Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси Шерзод Мамиров. – Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари юзасидан 8 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Улардан 5 нафари суд қарорига биноан вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлагани, яъни уларни таъминлаш учун ундирилиши лозим бўлган маблағни тўлаб келмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган шахс 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари – 16 миллион 480 минг сўм жарима жазоси қўлланилди.

Учрашувда судьялар томонидан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, шунингдек, Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Шунингдек, йиғилишда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, мамлакатимизда коррупция ва гиёҳвандлик жиноятларининг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш бўйича амалга оширилиб келинаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА