Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар қандай ютуқ, ғалабага меҳнат орқали эришилади
11:24 / 2023-03-26

Зулфияхоним издошлари

Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг бир гуруҳ иқтидорли қизлари қаторида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Санъатшунослик факультети 3-босқич талабаси Ҳурлиман Ниетбаева ҳам Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида туғилган Ҳурлиман ёшлигидан санъатга, бахшичиликка қизиқди. 11 ёшида тумандаги 16-Болалар мусиқа ва санъат мактабининг бахшичилик ва созандачилик бўлимига ўқишга қабул қилиниб, устози Амангул Бекбосинова раҳбарлигида бахшилик сирларини ўрганди. Ўқувчилик даврида бир қанча кўрик танловларда, байрам тадбирларида фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келди.  

Бу қизиқиши уни Нукус маданият ва санъат коллежига етаклаб келди. Бу ерда “Дўстлик” ордени соҳиби Оралбай Ўтамбетовдан бахшичилик сирларини ўрганди, ўзининг меҳнатсеварлиги ва интилиши билан бошқалардан ажралиб турди. Ўқишдан бўш вақтларида, дам олиш куни бўлишига қарамасдан Хўжайли туманига келиб  устозидан достон ижрочилиги ва бахшичилик санъати бўйича дарсларни эринмасдан ўрганди. Чунки, устозининг олдинги шогирди Динара Нуратдинова сингари Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлишни ўз олдига мақсад қилиб олди.

Қорақалпоқ давлат университети Санъатшунослик факультетида ўқишни бошлаган давридан бошлаб,  интилувчан, меҳнатсевар ва тиришқоқ талаба сифатида берилган ҳар бир топшириқ ва вазифаларга масъулият билан ёндашиб, ўзини ижобий томондан намоён қилиб келди. Ўзининг илмга чанқоқлиги, муомаласи ва интизомли хулқи билан профессор ўқитувчиларнинг ҳурмат-эътиборини қозониб, тартиб-интизоми, жамоат ишларида фаоллиги билан ажралиб турди. Тинимсиз изланишлари орқали билим ва тажрибасини янада оширишга ҳаракат қилди. Талаба ўқиш давомида ўз мутахассислиги бўйича ўтиладиган барча фанларни қунт билан ўзлаштириб келди.  

Ҳурлиман Ниетбаева 2020 йил Қозоғистон Республикасининг Олмота шаҳрида бўлиб ўтган халқаро “Гран Премиюм” танловида  биринчи ўринни эгаллаб,  2021 йил “Ёш бахши, жировлар” танловининг республика босқичида “Энг яхши аёл бахши овози” номинацияси, 2022 йил “Бахши, оқин ва жировлар” республика кўрик танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида “Энг иқтидорли аёл бахши” номинацияси билан тақдирланди.

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректорининг Хотин–қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Инжайим Сейтназарова. – Иқтидорли талаба  қизларнинг нуфузли чет эл олий ўқув юртларига бакалавр ва магистратурага юборилиши, доктарантура йўналишида хотин-қизлар учун мақсадли квота ажратилиши,  магистратурада ўқиётган қизларнинг, шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, отаси ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилаётгани бунинг яққол исботидир.

Жорий йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти учун танловнинг мамлакатимиз босқичида 7 та йўналиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасидан 25 нафар номзод иштирок этган бўлса, шунинг 11 нафари университет талабаси ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири ўз йўналишлари бўйича ғолибликка асосий давогарлардан эди. Мукофот университетнинг Санъатшунослик факультети 3-босқич талабаси Ҳурлиман Ниетбаевага насиб қилди. Албатта, у ҳам ўқишда ва жамоат ишларида барча талабаларга намуна бўла оладиган ёшлардан бири. Келажакда унинг таниқли санъат ва илм арбоби, билимли ва иқтидорли мутахассис бўлиб чиқишига умид қиламиз.  

Шу тариқа, Оролбўйидаги нуфузли ўқув юртларидан бири - Қорақалпоқ давлат университетидан Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлганлар сони 7 нафарга етди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА