Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонийлик ва сабрни унутмаслигимиз керак"
17:45 / 2022-12-16

Инсоннинг бутун умри унинг қилган меҳнати, эзгу-ишларга бош-қош бўлиши, бажарган амаллари билан баҳоланади.

«Ҳоким ёрдамчиси бўлиб тайинланганимга яқинда 1 йил тўлади, – дейди Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани «Ёрқинҳаёт» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Дилноза Умарова. – Бу лавозимга тайинланишимдан олдин ҳам узоқ йиллар давлат ташкилотларида, қолаверса, хусусий секторда раҳбарлик лавозимларида ишлаб келганман. Шунинг учун бу вазифа менда у қадар қийинчилик туғдирмади. Фақат менда энди жиддийлик ва фуқароларни тинглаш хусусиятлари пайдо бўлди. Аҳоли дардини тинглашни ўргандим. Лавозим масъулиятини янада чуқурроқ ҳис этдим.Иш жараёнида қийинчиликларга дуч келсам, ота-онам, оила аъзоларим кўмак бериб, далда бўлишади.  

Менга 6 минг 300 нафар аҳоли яшайдиган маҳалладаги залворли вазифалардан бири ишониб топширилган. Маҳаллада ҳар хил феъл-атворга эга инсонларга дуч келамиз. Ҳар қандай вазиятда инсонийлик, сабр бизга йўлдошлик қилишини унутмаслигимиз керак. Зеро, Президент таъкидлаганидек, жамиятда инсон қадри, шаъни биринчи ўринда туриши лозим. Аҳоли орасида бўлиш, уларнинг муаммоларини, дардини тинглаш, ҳис қилиш мен учун катта сабоқ бўляпти.  

Фаолиятим давомида бугунга қадар 1000 нафардан ошиқ фуқароларга турли йўналишларда хизматлар кўрсатилган бўлиб, жумладан, 96 нафар фуқаро вакант жойларга, жамоат ишларига, маҳалладаги тадбиркорлик субъектларига ишга жойлаштирилди. 21 нафар фуқарога оилавий тадбиркорлик, хотин-қизлар тадбиркорлиги бўйича, ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредитлар ажратилди. 13 нафар фуқаро ҳунармандчиликка жалб этилди. 398 нафар норасмий ишловчи фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Кўп қаватли бинолар ертўласида 4 нафар якка тартибдаги фуқаролар фаолияти йўлга қўйилди. 31 нафар фуқароларга субсидия асосида фаолият олиб боришлари учун тавсиялар берилди.  

Ҳоким ёрдамчисининг биргина эътиборсизлиги жамиятда битта бўлсада, ишсизлик ортишига, қайсидир фуқаронинг тадбиркорлик режаси амалга ошмай қолишига сабаб бўлиб қолади.  

Ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлашнинг ҳам ўзига яраша масъулияти, машаққатлари бор», дейди Дилноза Умарова.  

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА