Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар қандай машаққатнинг роҳати, мукофоти бўлади
15:44 / 2022-10-20

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ фаолияти йўлга қўйилган ҳоким ёрдамчилари ўзи бириктирилган маҳалланинг ривожланиши учун тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Фарғона вилояти Риштон тумани “Дашт Пандигон” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Жўрабек Ҳамроалиев ҳам фаолияти натижасида маҳаллада ишсизлик сезиларли камайиб, камбағаллик ҳолати анчайин қисқармоқда.

Жўрабек Ҳамроалиев ушбу йўналишларда амалга оширган ишлари хусусида тўхталди.

– Ҳоким ёрдамчилари, энг аввало маҳаллаларда истиқомат қилаётган, аҳолининг мурожаатларини тўғридан-тўғри тинглаш, зарур бўлса, жойига чиқиб ўрганиш, тегишли мутасаддиларни жалб этган ҳолда уларнинг муаммосига ечим топишда яқин кўмакдошга айланиши лозим. Мазкур лавозимнинг ҳам ўзига яраша масъулияти ва машаққати бор. Фаолиятим давомида амин бўлдимки, ўзимга юклатилган вазифа орқали оддий одамлар ҳаётини ўзгартиришга ва уларнинг ҳаётдан рози яшашини таъминлашга ҳисса қўшишим лозим.

Президентимиз томонидан бизга маҳаллада қандай ишлар қилишимиз кераклиги аниқ белгилаб берилди. Бизга берилган ваколатлар доирасида иш бошладик. Уйма-уй юриб, намунали, ўрта ва эҳтиёжманд хонадонларни аниқлаб олдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ўргандик. Ўрганишларга кўра, “Дашт Пандигон” МФЙда 2 минг 963 та аҳоли, 524 та хонадон, 831 та оила мавжуд. Маҳаллада 3 та оила “Темир дафтар”га, 51 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га, 2 нафар маҳалла ёшлари “Ёшлар дафтари”га киритилди.

Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан бири экалигини инобатга олган ҳолда йўлларни яхшилашга киришдик. Йўлдан барча баробар фойдаланади. Маҳалланинг ички йўлларида таъмирлаш ва асфальт ётқизиш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, ҳудудимиздаги 32-МТТга ёзги ошхона қуришга яқиндан кўмак берилди. 58 нафар фуқарога иссиқхона ташкил этиши учун 210 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишлари бўйича тавсияномалар тақдим этилди. Ёлғиз, боқувчиси йўқ фуқароларнинг уйлари таъмирдан чиқишида маблағлар ажратилди. 300 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди. 18 нафар фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналишларида ўқиш истагини билдирди.

Маҳаллада истиқомат қилувчи 10 нафар 30 ёшгача бўлган ёшларга чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик ҳамда лимончилик каби соҳаларда фаолият юритишлари учун 206 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Маҳаллада “Зоҳиджон Юнусали Хожи ўғли” фермер хўжалигида сутни қайта ишлаш орқали 6 хил турдаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехи лойиҳалаштирилмоқда. Бу лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида 35 нафар қишлоқ фуқароси бандлигини таъминланади.

Мазкур фермер хўжалигига 150 нафар хонадон кооперация шаклида бириктирилади. Драйвер тадбиркор лойиҳаси туман архитектура бўлими томонидан лойиҳалаштирилмокда. Фермер хўжалиги таркибида балиқчилик ташкил қилинди. Балиқчилик йўналишида 13 нафар қишлоқ фуқароси доимий иш билан таъминланди.

Бугун қишлоқларнинг қиёфаси янгиланиб, аҳолининг турмуш тарзи яхшиланмоқда. Ўзгаришлар тўғрисидаги гаплар кимлар учундир баландпарвоз гапдек туюлар, балки. Тўғри, жойларда ҳамон муаммолар мавжуд. Муҳими, мавжуд муаммолар ечимини излаш, одамлар турмушини ўзгартиришга ҳаракат қилишдир. Ҳар қандай машаққатнинг роҳати, мукофоти бўлади, – деди ҳоким ёрдамчиси.

ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева

тайёрлади