French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!
16:21 / 2023-03-18

Барчамизга инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фанидан сабоқ берадиган Наврўзи олам бизни табиат фарзанди бўлиб, ватан тупроғини, она заминдаги ҳар бир гиёҳни, кўзимизга тўтиё қилиб яшашга ўргатади. Шу табаррук байрамда барчамиз тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини янада чуқурроқ англаймиз.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига қарашли талабалар турар жойида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан миллий қадриятларимизни ўзида  акс  эттирган  бадиий-мусиқий чиқишлар,  спорт  мусобақалари  ва  турли  танловлардан  иборат “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним” ғояси остидаги байрам сайллари бўлиб ўтди.

Мазкур байрам тадбирида Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Маджидов, университет проректорлари, бўлим бошлиқлари, факультет деканлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди. Шунингдек, байрам тадбирига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Олмазор тумани “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ва бошқа идора-ташкилот вакиллари меҳмон сифатида таклиф қилинди.

[gallery-11048]

Байрам сайллари давомида университетга қарашли барча талабалар турар жойлари ҳудуди бўйлаб республикамиз вилоятларининг урф-одатлари ва миллий қадрият ва анъаналарининг намойиши, талаба-ёшлар ўртасида “Моҳир ошпазлар” кўрик танлови ҳамда турли спорт ўйинлари, жумладан, кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, стол тенниси, шахмат ва шашка мусобақалари ўтказилди. Байрам сайлига ташриф буюрган меҳмонларда талабалар томонидан ташкил этилган саҳна кўринишлари катта таассурот қолдирди.  

Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Маджидов профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшларни байрам билан табриклаб, ўз сўзида Наврўзи олам азал-азалдан кенг нишонланиб, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, диёнат, адолат ва инсонийлик тамойилини тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида камол топтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Байрам сайли давомида ректор бошчилигида ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари талабалар турар жойлари ўртасида ўтказилган вилоятларнинг урф-одатлари ва миллий қадриятлари намойиши, факультет талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган “Моҳир ошпазлар” ош чемпионатини кўздан кечириб баҳолаб бордилар.

Неча минг йиллар давомида азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этиб, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган Наврўзнинг ўрни ва моҳияти ошиб бораётгани қувонарли. Халқимиз учун табиат уйғониши, шарқона янги йилнинг бошланиши, асл миллий, энг ардоқли байрам  бўлмиш Наврўз айёмини юртимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олиш ва нишонлаш эзгу, бир сўз билан айтганда, табиий анъанага айланиб қолган.

ЎзМУ Ахборот хизмати,

ЎзА