Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар куни ўртача 35-40 киши очиқ танлов орқали ишга жойлашмоқда
18:18 / 2022-02-07

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Аббос Акрамов иштирокидаги ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали орқали 60 дан ортиқ вазирлик ва идоралари ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд вакант лавозимлар бўйича 41 минг 687 та танлов эълон қилиниб, ушбу вакант лавозимларга жами 512 минг 359 нафар номзод томонидан ҳужжат топширилди.

Танловларда 15 минг 492 нафар номзод давлат фуқаролик хизмати лавозимларини  эгаллади. Танлов ғолибларининг 7 минг 102 нафари, яъни 46 фоизи 30 ёшгача бўлган, шунингдек, 1 минг 100 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинган.

Портал фаолияти йўлга қўйилгандан буён, ўрта ҳисобда 1 кунда 35-40 нафар давлат фуқаролик хизматчиси очиқ танлов орқали лавозимни эгалламоқда. Шунингдек, брифингда вакант лавозимлар учун энг кўп очиқ танлов ўтказган давлат органлари маълум қилинди.

Ёшлар ишлари агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан вакант лавозимлар учун энг кўп очиқ танловлар ташкил этилган. Барча танловларнинг тест ва суҳбат босқичларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилган бўлиб,  жараёнлар телеграм тармоғидаги @vacancyonline каналига бериб борилмоқда.                                                                                                                                                                                                                    

Хўш, вакант лавозим учун очиқ танлов қандай тартибда эълон қилинади?

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Ягона миллий меҳнат тизими орқали ишдан бўшаган ходим расмийлаштирилгандан сўнг, ушбу лавозим вакант ўрин сифатида автоматик равишда давлат органи ёки ташкилотининг Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталидаги кабинетида кўринади.

Ташкилотнинг кадрлар бўлинмаси раҳбари махсус электрон калит ёрдамида кабинетга киради ҳамда вакант лавозим учун малака талаблари, лавозим мажбуриятлари, иш шароити ва белгиланган иш ҳақини қайд этади ҳамда ушбу маълумотларни сақлаш тугмасини босади. Шундан сўнг, сўров автоматик равишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига келиб тушади, тўғри тўлдирилган вакант лавозим танлов учун эълон қилинади.

Танловларни ташкил этиш ва ўтказишда белгиланган қоидага риоя этмаслик ҳолатлари, шунингдек, танлов комиссиясининг холис қарор қабул қилишига таъсир ўтказган ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланган тақдирда, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан танлов натижаси тўлиқ ёки қисман бекор қилинади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА мухбири