Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар ким ўз саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга
16:43 / 2022-06-15

Бугунги кунда мамлакатимизда бўлаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида фуқаролар, сиёсатчилар қўйингки, барча қатлам вакиллари ўз таклифлари билан фаоллик кўрсатяпти.

Таклиф ва тавсиялар қулай усулларда – электрон тарзда ёхуд маҳаллалар ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига оғзаки ёки ёзма шаклда билдирилмоқда.  

Бу жараёнда аҳолининг барча қатламлари фаол қатнашиши Асосий қонунимизнинг янги Ўзбекистон тараққиётини белгилаб берувчи ҳаётга яқин ҳужжат бўлишига хизмат қилади. Олдимизда демократик ислоҳотларни янги сифат босқичига олиб чиқувчи янада жиддий вазифалар турибди.  

Бу ўз навбатида, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаётни, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босқичма-босқич яратилишини, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини англатади.  

Шубҳасиз, инсон қадрини юксалтиришнинг муҳим шартларидан бири бу унинг саломатлигини асраш, соғлом ҳаёт сари ундашдир. Шу сабабли Конституцияда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш билан боғлиқ нормаларни киритиш вақти келди, деб ҳисоблайман. Бу орқали тиббий суғурта, электрон поликлиника тизимини ривожлантириш каби ишлар изчиллик билан амалга оширилади.  

Албатта, янги тизимнинг Бош қомусимизда акс этиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш билан бирга, коррупциянинг олдини олиш, хизмат сифатини ошириш, аҳоли ва шифокорлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

Конституциямизнинг 40-моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган. Ушбу моддада “Ҳар ким ўз саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга. Давлат соғлиқни сақлаш соҳасида мулкнинг турли шаклларига асосланган тармоқларни ривожлантириши, санитар-эпидемиологик осойишталикни кафолатлаши, ҳар хил турдаги тиббий суғурталаш учун имконият яратиб бериши лозим” деган нормани киритиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.  

Умуман олганда, Бош қомусимизда тиббиёт ходимларининг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсини юксалтириш бўйича ҳам алоҳида норма киритилиши лозим. Зотан, бир одамни дарддан халос қилиб, соғлиғини тиклашида саломатлик посбонлари бўлган шифокорларнинг ўрни беқиёс.  

Нигора ҚУТЛИМУРОДОВА,  
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,  
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

ЎзА